Собиқ вазир педофилликда гумонланмоқда

Олам

image

Покистоннинг собиқ давлат вазири ва яқинда парламент депутати этиб қайта сайланган Рухсар Аҳмад Буюк Британияда 1990-йилларда вояга етмаган қизларни зўрлаш ва одам савдоси билан боғлиқ иш юзасидан тергов қилинмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Нашрининг ёзишича, 62 ёшли Рухсар Аҳмад 2024 йил июль ойида Манчестер аэропортида ҳибсга олинган. У Манчестернинг Рашолм туманидаги болалар уйларида тарбияланган қизларга нисбатан зўрлаш ва уларни эксплуатация қилишда гумон қилинмоқда.

Нашр маълумотига кўра, у полиция гарови асосида озод қилинган ва ўтган ой Манчестер полициясига бориши керак бўлган. Бироқ “парвоз қилишга соғлиғи йўл қўймагани”ни важ қилиб, бормаган. Шу билан бир вақтда у Покистоннинг Мирпур ҳудудидаги сайловолди тадбирларида қатнашгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Рухсар Аҳмад ўтган ҳафта Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф раҳбарлик қилаётган Покистон мусулмонлар лигаси (PML-N) партиясидан Озод Кашмир қонунчилик ассамблеяси депутати этиб сайланган.

Тергов камида 2 нафар аёлнинг кўрсатмаларига асосланган бўлиб, улар Аҳмадни болалик чоғида зўрлаган ва одам савдосига жалб қилганини даъво қилмоқда. Британия полицияси уни яқин олти ҳафта ичида яна сўроққа чақириши кутилмоқда. Агар у келмаса, уни ҳибсга олиш ордери чиқарилиши ёки экстрадиция қилиш жараёни бошланиши мумкин.

Рухсар Аҳмаднинг ўзи айбловлар юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Microsoft” компанияси асосчиси Билл Гейтс марҳум молиячи ва жинсий жиноятларда айбланган Жеффри Эпштейн билан алоқалари сабабли Гейтс жамғармаси ходимларидан узр сўраганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг