Собиқ Президентнинг набираси халқаро олимпиада ғолиби бўлди

Олам

image

Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг набираси Селим World Mathematics Invitation халқаро олимпиадасида “Истеъдод учун” медалини олди. Олимпиадада 20 мингдан ортиқ ўғил-қизлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда собиқ президентнинг ўғли Сейид Атамбоев “Вести” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

“Селим оилада тўнғич ўғил. У ҳар жиҳатдан бобосига ўхшайди. Ўғлим мақсадли, масъулиятли ва меҳнатсевар. У халқаро ва маҳаллий олимпиадаларнинг совриндори, шунингдек, шахмат ва тхэквондо бўйича халқаро турнирларнинг ғолибидир. У яқинда медални қўлга киритди ва биз шахсан Алмазбек Шаршенович билан унинг ғалабасини баҳам кўриш имконига эга бўлмадик. Аммо аминмизки, отам невараларининг ҳар қандай ютуқларидан хурсанд бўлади”, дейди Атамбоевнинг ўғли. 

Унинг қайд этишича, селим бобоси каби шахматни яхши ўйнайди. Ушбу оилавий анъанага Алмазбек Атамбоев асос солган. 

“Ҳатто, пандемия пайтида ҳам биз онлайн шахмат ўйнашни давом эттиряпмиз. Бундан ташқари, коронавирусдан олдин биз тхэквондо сексиясига қатнаганмиз, спорт билан шуғулланганмиз, баъзан эса тоғларда чанғи учганмиз. Ўғилларим Селим ва Али ўқишни жуда яхши кўради. Биз улар учун ҳар доим қизиқарли китобларни сотиб оламиз, шу билан оилавий кутубхонамизни тўлдирамиз”, дейди Сейид Атамбоев. 

Собиқ Президентнинг тўнғич набираси келажакда иқтисодчи бўлмоқчи. Отаси бу ҳақида гапираркан, унинг математикага бўлган қизиқиши келажакдаги мақсадларининг пойдевори эканини урғулайди. Шунингдек, Сейид Атамбоев фарзандлари билан айни дамда қамоқда сақланаётган отаси Аламазбек Атамбоевга хат ёзганини қўшимча қилади. 

“Болалар бобосига иложи борича тез-тез хат ёзишади ва одатда уни байрам билан табриклашади. Набиралар ўз мактубларида унга тезда уйга қайтишини тилайдилар, улар жуда зерикишди, чунки уни жуда яхши кўришади. Улар Интернет майдонидаги сўнгги воқеаларни диққат билан кузатиб боришади, айниқса, гап Алмазбек Шаршенович ҳақида кетганда. У касал бўлганида улар жуда хавотирланишади”, дейди собиқ Президентнинг ўғли. 

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 31 декабрь куни Қирғизистон Республикаси собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасидан Бишкекдаги 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилди.

Атамбоев нимада айбланганди?

2006 йилда “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги колониялардан бирида тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Тўполон пайтида депутат Тинишбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилганди.

2013 йилда Батукаев қамоқдан тиббий комиссия хулосасига кўра озод қилинган. Хулосага кўра, Батукаевга қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилган. У қамоқдан чиқиш билан дарҳол тарихий Ватани Чеченистонга учиб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар сохта эканлиги аниқ бўлган, аммо Қирғизистон ҳукумати Батукаевни ортга қайтара олмаган.

Батукаевнинг озод қилиниши бўйича очилган жиноят иши якунида Атамбоев 11 йиллик қамоқ жазосини олганди. Август ойида Бишкек шаҳар судининг ҳайъати ушбу ҳукмни тасдиқлади.

Қайд этилишича, бу ишда собиқ Президентдан ташқари яна уч киши – шифокор Абдуҳалим Раимжонов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева ва Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев иштирок этган.

Собиқ маслаҳатчи ҳибсда сақлангани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жолдубаева 5 миллион сом (66,7 минг доллар) жаримага тортилган. Шифокор эса жиноятнинг муддати ўтганлиги туфайли жазодан қутулиб қолган.

Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари вақтида одамлар Атамбоевни қамоқдан озод қилди. Аммо у кейинроқ Бишкекда намойиш уюштиришда айланиб, яна ҳибсга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алмазбек Атамбоев

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг