Собиқ биринчи хоним инфарктни бошдан кечирди
Олам
−
12 Февраль 6656 2 дақиқа
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоева 2025 йил апрель ойида кенг кўламли миокард инфарктини бошдан кечирган. Бу ҳақда биринчи президентнинг матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.
Инфарктдан сўнг Назарбоева узоқ вақт давомида сунъий нафас олиш ва сунъий буйрак аппаратларига улаб қўйилган.
“Сара Алписовна 2025 йил апрелидан бошлаб Олмаотадаги Президент ишларини бошқариш тиббиёт марказининг Миллий шифохонасида даволанаётган эди. Ўша пайтда у кенг кўламли миокард инфарктини бошдан кечирди. Шифокорлар унга узоқ муддатли ва оғир қандли диабет фонида юрак ишемик касаллиги, юрак ва ўпка етишмовчилиги, шунингдек, зўрайиб борувчи сурункали буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйди”, дейди у.
Укибайга кўра, 2026 йил январь ойида Сара Назарбоева шифохонадан чиқарилган. Ҳозирда у уй шароитида шифокорлар назорати остида қолмоқда.
2025 йил май ойида ижтимоий тармоқларда Сара Назарбоеванинг вафот этганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ўшанда Укибай бу маълумотни рад этиб, унинг шифохонада даволанаётганини, аммо ташхис, соғлиғи ҳолати, даволаш усуллари ва натижалари ҳақидаги маълумотлар “Аҳоли саломатлиги тўғрисида”ги кодекснинг 273-моддасига мувофиқ шифокор сири ўлароқ ошкор этилмаслигини билдирган эди.
Кенг кўламли миокард инфаркти – бу энг оғир юрак хуружи бўлиб, унда йирик артериянинг тиқилиб қолиши оқибатида юрак мушагининг катта қисми нобуд бўлади.
Маълумот учун, Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. У 1991–2019 йиллар давомида Қозоғистоннинг биринчи хоними бўлган. У ижтимоий фаолияти билан танилган – “Бўбек” фонди асосчиси, болалар ҳуқуқлари, етимлар ва ўзини англаш дастурлари йўналишида фаол ишлаган.
Live
Барчаси