Собчак 15 йилгача қамалиши мумкин. У мамлакатдан қочди

Маданият-санъат

image

Телебошловчи Ксения Собчак “Ростех” давлат корпорациясидан товламачиликда гумонланувчига айланди. Бу ҳақда ТАСС ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.  

“Собчак Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 163-моддаси 3-қисми "б" банди (айниқса йирик миқдордаги мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида товламачилик) бўйича гумон қилинмоқда. Иш бўйича жабрланувчи “Ростех” мансабдор шахсидир”, дейди агентлик суҳбатдоши.  

Нашр изоҳ олиш мақсадида Собчакнинг ўзига мурожаат қилган. Хоним эса бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортган. Агар унга қарши айблов судда ўз исботини тобса, Собчак 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг маълум қилишича, ушбу иш бўйича Собчакнинг тижорат директори Кирилл Суханов ва “Tatler” газетасининг собиқ бош муҳаррири Ариан Романовский (Кузьмин) қўлга олинган. Собчак Россия Федерациясидан қочиб кетган, бугун, 26 октябрь куни эрталаб унинг уйи тинтув қилинган. 

"У тунда (25 октябрь) Москвадан жўнаб кетди. Шу билан бирга у интернет орқали кеча Дубайга, бугун эса Туркияга авиачипталар сотиб олди. У тезкор ходимларни чалғитиш учун шундай қилди. Натижада Беларусь орқали Литвага кирди", дейди ТАСС гаплашган аноним манба. 

Суд бугун терговнинг Суханов ва Романовскийни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосномасини кўриб чиқади.

Ксения Собчак Санкт-Петербургнинг собиқ мэри Анатолий Собчакнинг қизи бўлиб, унинг 1990-йилларда ҳамкори Владимир Путин бўлган. У Россия телевидениесида кўп ишлаган, машҳур шоуларнинг бошловчиси эди. 2011 йилги Давлат Думасига сайловлардан сўнг у норозилик акцияларида қатнашди ва Мухолифатни мувофиқлаштириш кенгашига қўшилди. 

Шундан сўнг у бир неча йил "Дождь" телеканалида ишлади, телеканал мухбири сифатида у Владимир Путиннинг матбуот анжуманларида қатнашди. 

2018 йилда Собчак президентлик сайловларида қатнашди, оммавий ахборот воситалари сайловларга эътиборни қаратиш ва мамлакатда мухолифат борлигини кўрсатиш учун унинг номзоди Кремль билан келишилганини ёзди. Унинг ўзи бу айбловларни рад этди. 

Украинада уруш бошланганидан сўнг, россиялик журналистларга босим сезиларли даражада ошди, маъмурий ва жиноий кодексларга армияни обрўсизлантириш ва ҳарбий фейкларга оид моддалар киритилгани сабабли юзлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ксения Собчак

Баҳолаганлар

931

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг