Словакия собиқ президенти фирибгарликда айбланиб, нафақасидан маҳрум бўлди
Олам
−
15 Ноябрь
1772Словакия Президенти маъмурияти собиқ президент Андрей Кискага солиқ фирибгарлиги бўйича ҳукм чиқарилгани сабабли унга нафақа беришни тўхтатди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Президент маъмуриятига кўра, тўловларни тўхтатиш қарори жорий йилнинг 31 октябрь куни апелляция суди томонидан тасдиқланган қуйи суд қарорига асосланган. Ушбу қарорда Киска солиқ фирибгарлигида айбдор деб топилган ва унга бир йил шартли қамоқ жазоси тайинланган.
Мазкур ҳукм якуний ҳисобланади, бироқ ўзини айбсиз деб ҳисоблаётган Киска мамлакат Олий судига мурожаат қилиш имкониятидан фойдаланишини ва шу орқали ўз номини оқлашга ҳаракат қилишини билдирган.
“Пулга эҳтиёжим йўқ, аммо принцип масаласи сифатида қарорни судда ҳал қиламан”, деди у.
Маълумот учун, Киска 2014 йилда ўтказилган президентлик сайловларида ўша пайтдаги бош вазир Роберт Фицони мағлубиятга учратиб, Словакия президенти лавозимини беш йил муддатга эгаллаган. Президентлик асосан расмий ваколатларга эга бўлса-да, Киска президентлиги даврида Фицо билан зиддиятларга бой бўлган.
Киска 2018 йилда сиёсий инқирозга сабаб бўлган воқеалар давомида йирик кўча намойишларини қўллаб-қувватлаган. Бу намойишлар Фицо бошчилигидаги коалицион ҳукуматнинг қулашига олиб келган.
Ғарб тарафдори сифатида танилган Киска 2019 йилда иккинчи муддатга президентлик сайловларида қатнашмаган. Роберт Фицо эса 2023 йилда бош вазир сифатида учинчи муддатга иш бошлаган.
Маълумот ўрнида, Словакия президентлари лавозимдан кетгач, йилига тахминан 50 минг доллар миқдорида нафақа олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Перуда собиқ президент Алехандро Толедо Бразилиянинг “Odebrecht” қурилиш корпорациясидан пора олгани учун 20 йил 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
LiveБарчаси