Перунинг собиқ президенти 20 йилга қамалди
Олам
−
22 Октябрь
3252Перуда собиқ президент Алехандро Толедо Бразилиянинг “Odebrecht” қурилиш корпорациясидан пора олгани учун 20 йил 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, “Odebrecht” корпорацияси Толедога Бразилия ва Перу ўртасидаги икки автомобиль йўли қурилиши бўйича шартномани олишга ёрдам бергани учун 35 миллион доллар пора берган. Тергов давомида Бразилия компанияси Лотин Америкаси ва АҚШдаги амалдорларни пора билан сотиб олганини тан олган.
Қайд этилишича, суд жараёни бир йил давом этган ва сиёсатчи бу вақт давомида пул ювиш ва тил бириктириш бўйича айбловларни рад этиб келган.
Толедо 2001 йилдан 2006 йилгача Перу президенти бўлган. У “Odebrecht” пора бериш иши бўйича терговга тортилган тўртта собиқ Перу президентларидан бири ҳисобланади. Хусусан, бошқа собиқ Перу етакчиларидан бири Алан Гарсия 2019 йилда полиция унинг уйига ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер билан келганида ўз жонига қасд қилган.
Толедо эса 2019 йилда АҚШнинг Калифорния штати Менло Паркидаги уйида ҳибсга олинган. 2020 йилдан бери у уй қамоғида бўлган. 2023 йил баҳорида сиёсатчи АҚШдан ватани Перуга экстрадиция қилинган.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда АҚШ Адлия вазирлиги “Odebrecht” вакиллари сўнгги 20 йил ичида ўнта Лотин Америкаси давлатларидаги 12 мамлакат сиёсатчиларига пора берганини аниқлаган. Тергов Бразилиянинг давлатга қарашли “Petrobras” нефть компанияси билан боғлиқ коррупция можароси доирасида бошланган. Хусусан, “Odebrecht” ва ўнлаб бошқа компаниялар “Petrobras” билан шартномалар тузиш эвазига сиёсатчилар ва амалдорларга пора тўлаган. “Odebrecht” фирмаси раҳбари Марсело Одебрехт 2015 йилда ҳибсга олинган ва 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Албаниянинг собиқ президенти Илир Мета коррупция бўйича тергов доирасида қўлга олинган эди. У коррупция, пул ювиш ва мулкни яширишда айбланмоқда. Дастлабки айбловлар амалдорнинг 2010-2011 йилларда иқтисодиёт вазири бўлган даврига тўғри келади.