Словакия Бош вазири суиқасддан кейин биринчи марта кўриниш берди
Олам
−
06 Июль
3327Кеча, 5 июль куни Словакия Бош вазири Роберт Фицо Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг ўзига қилинган суиқасддан салкам 2 ойга яқин вақт ўтиб омма олдида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Словакия матбуот агентлиги хабар берди.
Фицо мамлакат пойтахти Братислава шаҳридаги нутқи чоғида илғор ва либерал мафкураларни танқид қилиб, уларнинг фаолиятини маъносиз деб атади. Унинг сўзларига кўра, мудофаа доирасида бундай мафкураларга қарши мустаҳкам тўсиқ қуриш учун мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича сиёсий консенсус ишлаб чиқиш лозим. У, шунингдек, жамиятдаги кескинликни пасайтириш зарурлигини ҳам таъкидлаб, одамларни жорий йилнинг май ойи ўрталарида унинг шахсига қилинган суиқасд бошқаларда такрорланмаслиги ҳақида чуқур ўйлашга чақирди. Бундан ташқари, у Украинадаги можарони ҳал қилиш учун тинчлик музокараларини ўтказиш зарурлигини яна бир бор эслатди.
“Биз биргаликда саратон каби тарқалиб бораётган бемаъни, илғор ва либерал мафкураларга қарши улкан тўсиқ қуришимиз керак. Улар мамлакатимизга зарар етказаётган ёт мафкуралардир”, деган Бош вазир.
Бош вазир жамият иккига бўлинганини айтиб, баъзи оммавий ахборот воситаларини ҳам танқид остига олди. Шунингдек, Фицо Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Киев ва Москвага ташрифидан ҳайратда эканлигини билдирган.
“Агар соғлигим имкон берса, Орбан билан бирга борардим. Тинчлик музокаралари ҳали ҳам етарли эмас. Менга қилинган суиқасд яна такрорланмаслигига, Украинадаги уруш можароси билан боғлиқ кескинлик кучаймаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 май куни Роберт Фицога Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг йиғилганлар олдига чиққанида, унга қарата ўқ узилган. Оқибатда яраланган Фицо зудлик билан шифохонага ётқизилган. Кейинроқ Словакия Бош вазирига нега суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси