Сирдарёдаги амалга ошмаган буюртма қотилликнинг тафсилотлари маълум бўлди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида тадбиркор ўзига рақобатчи деб билган бошқа тадбиркорни ўлдириш учун қотил ёллагани ҳақида хабар берган эдик. Аммо қотиллик амалга ошмаган.

Амалга ошмай қолган жиноятга алоқадор аудиоёзув тарқалди. Уни буюртмачи ўзи ёллаган қотилга юборгани айтилмоқда. Унда шундай дейилади:

“Конкрет” йўқ қилиш керак. Шундай телефон қилиш керак, қаердасан, кел шу ерга, дейиш керак... Мурдани кўриш керак, бўлди. Пулини бераман. Мурдани кўрамиз, бўлди, чиқиб кетамиз.

Йўлимиздан чиққан одамни йўқ қиламиз, бошқа иложи йўқ. Шунда катталар ҳам тан беради. Ўлдирсангиз ҳам орган нима қилади? Енгил нафас олади битта ҳароми камайди, деб. Мана “танга”си, ака. Ўликни шундай кўраман, бўлди, мен хурсанд бўламан”.

Бош прокуратура маълумотига кўра, жорий йилнинг 7 декабрь куни шахсини сир сақлашни сўраган “Х” исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилган. У таниши тадбиркор Ж.З. (1994 й.т., муқаддам судланган) уни муқаддам “Босқинчилик” жинояти учун судланганлигидан хабар топиб, ўзига рақобатчи деб билган тадбиркор М.Д.ни ўлдиришга буюртма қилганини билдирган. 

Бу хизмати эвазига Ж.З. 5 000 АҚШ доллари беришни ваъда қилган ва таклифини рад қилган тақдирда бошқа шахсларни ёллаб бўлса ҳам уни ўлдиришини айтган. Шунингдек, у “Х”га олдиндан 1 000 АҚШ доллари бермоқчи бўлган. Фуқаро ўз мурожаатида уни жиноят содир қилишга ундаётган Ж.З.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Х” исмли шахс Гулистон шаҳрида жойлашган қабристон яқинида тадбиркор М.Д.ни қотиллик аломатлари билан ётган, юз ва бош қисми грим қилинган жасади ва уни вафот этгани сунъий равишда яратилган фото суратини кўрсатгач, буюртмачи тадбиркор Ж.З. Мирзаобод тумани Боғистон маҳалласи ҳудудида унга 4 000 АҚШ долларини берган вақтида ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Ж.З.га нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноятни содир этганлиги исботланган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Гумонланувчи Ж.З. процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик

Баҳолаганлар

439

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг