Сирдарёда комбинезон кийган шахслар иштирокидаги шубҳали дафн маросимига изоҳ берилди
Жамият
−
19 Июль 2020
85351Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида коронавирус беморларини даволовчи тиббиёт ходимлари кийиб юрадиган оқ комбинезон кийган бир нечта одам бир ўликни дафн қилгани акс этган видео тарқалди. Мирзаобод тумани ҳокимлиги ҳодисага муносабат билдирди.
Унга кўра, Мирзаобод тумани “Тинчлик” маҳалласида истиқомат қилган 1954 йилда туғилган Ў.Э. (аёл) жорий йилнинг 13 июль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам Сирдарё вилоят филиалига номаьлум иситма ташхиси билан тушган.
14 июль куни кечаси юрак ишемик касаллиги гипертония касаллиги ҳуружи оқибатида вафот этган.
Сирдарё вилояти юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, вилоят СЭОМ эпидемиологлари ва бошқа тааллуқли мутахассислар тавсиясига кўра, лаборатория такширувлари мавжуд бўлмасада коронавирус инфекцияси билан касалланган деган тахминий ташхис қўйилган.
Туман аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва кўпайишининг олдини олиш мақсадида вилоят мутахассислари тавсиясига кўра вафот этган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 март куни тасдиқланган “Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича вақтинчалик қоидалар тўғрисида”ги буйруғи асосида дафн қилиш ишлари амалга оширилган.
Майитни дафнга тайёрлаш ва дезинфекция ишларини ўтказиш исломий қоидалар асосида шошилинч тиббий ёрдам марказида амалга оширилди.
Дафн маросимида иштирок этган марҳумнинг 10 нафар қариндошлари, СЭОМ мутахассислари, маҳалла раиси ва хуқуқ тартибот органи вакиллари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳимоя воситалари билан таъминланганлар.
Дафн маросими диний идора вакиллари иштирокида Ислом дини қонун-қоидалари асосида 2020 йил 15 июль куни ўтказилган.
LiveБарчаси