Синдзо Абэнинг дафн маросимида кимлар қатнашиши очиқланди. Путин борадими?
Олам
−
18 Август 2022
13803Япония собиқ Бош вазири Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимида 6000 га яқин одам, жумладан, бир неча юз хорижий делегация аъзолари иштирок этади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни “Nikkei Asia” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Токиога Франция Президенти Эммануэль Макрон, АҚШ вице-президенти Камола Харрис, АҚШ собиқ Президенти Барак Обама, Жанубий Корея Бош вазири Хан Доксу, Германия собиқ канцлери Ангела Меркель ва Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах келиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, сентябрь ойининг бошига қадар меҳмонларнинг аниқ рўйхати тузилади.
Маълум бўлишича, АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ҳам дафн маросимида қатнашиш истагини билдирган, бироқ Токио таклифномаларни аниқ шахсларга эмас, балки штатларга жўнатган. Шунинг учун Американинг амалдаги Президенти Жо Байден унинг АҚШ вакили сифатида иштирок этишини маъқуллаши керак.
200 га яқин мамлакат ва минтақалар Абэнинг давлат дафн маросими ҳақида хабардор қилинган. Бу тўғрисида Япония Ташқи ишлар вазирлиги маълумот берган.
Абэ вафотидан кейин Япониянинг энг фахрий давлат мукофоти – занжирли Хризантема ордени билан тақдирланиши маълум қилинди. Тегишли қарор мамлакат Вазирлар Маҳкамаси мажлисида қабул қилинган. Маълумот ўрнида, занжирли Хризантема ордени Японияда жуда камдан-кам ҳолларда берилади. Мамлакат ичида ушбу мукофот билан фақат 14 киши тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи ўрталарида Украинада давом этаётган босқин ва санкциялар туфайли Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин таклиф қилинмаслигини маълум қилинган эди. Бунга жавобан Кремль вакили Дмитрий Песков ҳам Путин Японияга сафарни режалаштирмаётганини, дафн маросимида Россия номидан ким қатнашиши кейинроқ очиқланишини айтганди. Бироқ Токио томонидан тузилган дастлабки рўйхатда Россия тилга олинмаган.
Абэга суиқасд
Жорий йилнинг 8 июль куни Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ кўчадаги чиқиши давомида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тетсуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ Бош вазир 67 ёшида вафот этди
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 22 июль куни Япония ҳукумати собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимини 27 сентябрь куни ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган.
Маросим Токиодаги Император саройидан унчалик узоқ бўлмаган “Будокан” (Жанг санъати зали) аренасида бўлиб ўтади.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси