Швейцария “Голодомор”ни геноцид деб тан олди
Олам
−
25 Сентябрь
4667Швейцария Федерал Ассамблеясининг қуйи палатаси кеча, 24 сентябрь куни “Голодомор”ни геноцид акти деб тан олди. Бу ҳақда мамлакат парламенти матбуот хизмати хабар берди.
Миллий кенгашнинг жонли эфир орқали узатилган мажлисида 123 депутат операциянинг геноцид сифатида тан олинишини ёқлаб, 58 нафари эса қарши овоз берди. 7 овоз бетараф қолди.
Украина тилида “очликдан ўлдириш” деган маънони англатувчи “Голодомор” атамаси 1930 йилларда Совет Иттифоқи даврида Украина Совет Социалистик Республикасида одамларнинг очликдан ўлишини англатади.
Украина ССРда “Голодомор” очарчилик қурбони бўлган тахминан 3-7 миллион киши қайд этилган. 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери Украина “Голодомор”ни геноцид сифатида халқаро миқёсда тан олишга интилмоқда.
Швейцария парламентидаги декларация Миллий кенгашнинг Ташқи ишлар қўмитаси томонидан сўралган ва шакллантирилган.
“Миллий кенгаш кенг кўламли операцияни очликка олиб келадиган ҳамда миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш мақсадида содир этилган геноцид акти деб тан олади”, дея ёзади Миллий кенгаш ўз сайтида.
Қарорга кўра, “Голодомор” оқибатида тўрт миллионга яқин украиналиклар, 2 миллионга яқин қозоқлар ва бир неча юз минг руслар очлик қурбони бўлгани тан олинган.
“Резолюция ҳозирда Швейцария Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик тармоғи орқали тарқатилмоқда”, дейилган хабарда.
2007 йилда Россия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Москва “Голодомор”нинг геноцид деб аталишини “тарихни бир томонлама бузиб кўрсатиш” деб таърифлаган.
“Ўша йиллардаги фожиали воқеаларнинг Украина халқига қарши геноцид, деб эълон қилиниши тарихни замонавий сиёсий ва мафкуравий кўрсатмалар фойдасига бир томонлама бузиб кўрсатишдир”, дея келтирилган баёнотда.
Швейцариянинг ҳозирги қарорига Киев муносабат билдирди.
“Бу ҳақиқатан ҳам тарихий қарор ва бу тарихий адолатни тиклаш ва миллионлаб бегуноҳ қурбонлар хотирасини сақлаб қолиш йўлидаги ўта муҳим қадамдир”, деди Олий Рада раиси Руслан Стефанчук.