Голодомор – украиналикларни қириш опeрацияси
Олам
−
31 Август
161272014 йилда Қрим аннексияси, шу йили Донбассдаги Донецк ва Луганск вилоятларини айирмачилик ҳаракатлари орқали ажратиб олиш, 2022 йилда кенг кўламдаги босқин ва Бучадаги қирғин, ўтган икки ярим йил ичида мамлакатнинг катта қисмини вайрон қилиш ва яна бир қатор уруш жиноятлари. Бу ортда қолган 10 йил ичида Россия томонидан Украинага қилинган зўравонликларнинг қисқа жадвали. Аммо мазкур босқинлар ва зўравонликлар ўтмишда расмий Москва томонидан украиналикларга қилинган зуғумларнинг денгиздан бир томчиси, холос. Сизни ишонтириб айта оламанки, тарих учун бу каби воқеалар бундан 90-100 йиллар олдин Москвадаги қотил раҳбарлар томонидан украин халқига қилинган шафқатсиз ва ғайриинсоний ҳаракатлар олдида ҳеч нарса эмас. Украинанинг Россиядаги сиёсий доиралар томонидан азобланиши 10 ёки 20 йиллик жараён эмас. Бундай зўравонлик нақд 1 асрни ўз ичига олади ва бу Сталиндан Путингача бўлган узундан узоқ тарихдир. Бугун шу тарихнинг энг қўрқинчли ва қабул қилиб бўлмас ғайриинсоний йилларига саёҳат қиламиз. Гап 1930 йилларнинг бошида золим Иосиф Сталиннинг алам устидаги сиёсати оқибатида очлик туфайли қирилиб кетган, аниқроғи қириб ташланган 4 миллиондан ортиқ украиналиклар ҳақида кетяпти.
Огоҳлантирувчи қўнғироқ
Бундан 100 йилча муқаддам, 1918-1922 йиллар оралиғида большевиклар Романовларни ҳокимиятдан қулатиб мустамлакачи давлат тепасига келади ва ўз қўл остидаги ўлкаларда, жумладан Ўрта Осиё, Кавказорти ва Шарқий Европада иқтисодни бошқаришнинг янги услубини жорий қилади. Ҳарбий коммунизм деб номланган бу усулда мамлакатдаги иқтисодий муҳит 1000 йил ортга, ғирт ўрта асрлардаги шаклга қайтарилади. Пул-товар муносабатлари тугатилади, иш ҳақи озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўланади. Энг ачинарлиси эса барча ўлкаларда саноат миллийлаштирилади, хусусий мулкчилик тугатилади ва етмаганидек деҳқонлардан ўзлари етиштирган ортиқча озиқ-овқат маҳсулотлари тортиб олинади. Давр талабига мутлақо зид бўлган иқтисодий ўзгаришлар бир кун келиб, албатта, ўзининг салбий реакциясини бериши кутилганди. Бу эса ўзини узоқ куттирмади. Деҳқонларнинг ўз эҳтиёжидан ортиқча маҳсулотларини тортиб олиниши бунда ҳал қилувчи роль ўйнади. Ҳосилни ошириб, ўзидан ортган маҳсулотни бозорга олиб чиқиб сотишдан маҳрум қилинган меҳнаткашларнинг энди жонини жабборга бериб, тер тўкишидан мани қолмаганди. Бу эса тез орада ҳосилнинг кескин камайишига ва мамлакатда озиқ-овқат танқислигининг вужудга келишига сабаб бўлади.
1921 йилда большевиклар қўл остидаги мамлакат ўта чуқур иқтисодий инқирозга шўнғийди. Шу йили юз берган қурғоқчилик эса даҳшатли очарчиликнинг старт олишида сўнги тепки вазифасини ўтайди. Украина, Кубан ва Волгабўйи атрофларида озуқа танқислиги жуда хунук оқибатларга олиб келади. Мазкур ҳудудларда очарчилик авж олиб, бу жараён советларга қарши бир қанча йирик қўзғолонларни келтириб чиқаради. “Доҳий” Лениннинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалада тутган йўли ўзини мутлақо оқламаганди. Аммо шу онда очликдан азобланаётган мазлумлар жонига оро кирувчи шахс пайдо бўлади. Бу турли соҳалардаги олим, қутб тадқиқотчиси, зоология фанлари доктори, янги фан – физик океанография асосчиси, сиёсат ва жамоат арбоби ҳамда гуманист норвегиялик машҳур сайёҳ Фритьоф Нансен эди. Дунё миқёсида жуда юқори обрўга эга бўлган Нансен кўплаб сиёсий марказлар эътиборини советлар бошқаруви остидаги ҳудудларда авж олган очарчиликка қаратади. Унинг ҳурмати ва обрўси сабаб Ғарб давлатлари оч қолган Россияга ёрдам кўрсатади. Шу орқали Фритьоф Нансен ўлим ёқасидаги минг-минглаб инсонларнинг яшаб қолишида муҳим роль ўйнаган.
Бу шармандали воқеа большевикларни ҳушёр торттириши керак эди. Ўзгариш қилиш вақти келганди. Дастлаб шундай бўлгандек кўринди. Ленин “ҳарбий коммунизм”га барҳам берди. Унинг ўрнига бошқа бир лойиҳа “янги иқтисодий сиёсат” – НЭП жорий қилинди. Аммо НЭПнинг мазмун-моҳияти ҳарбий коммунизмдан бирозгина фарқ қиларди, холос. Унга кўра, бозор иқтисодиёти қисман тикланди ва шунинг ўзи ҳам вазиятни анчагина ўзгартиришга ёрдам берганди. Хусусий тадбиркорлик бирмунча оёққа турган, бу эса ўз ўрнида ишлаб чиқариш ва савдони кескин оширганди. Бироқ буларнинг барчаси чуқур жароҳат устига суртилган вақтинчалик оғриқ қолдирувчи эканлиги, Ленин жамоасида очарчиликдан кейинги вазият бирмунча ўнглангандан кейин мазкур янги иқтисодий сиёсатдан воз кечиш режаси аввалдан бор бўлганлиги аён бўлди. Большевиклар ўз билганидан қолмайди ва Ленин вафотидан сўнг НЭПдан босқичма-босқич воз кечилади. 1929 йилда янги иқтисодий сиёсат бутунлай тугатилди. Бу пайтга келиб ҳокимият жиловини маҳкам тутган СССР таркибидаги “халқлар кушандаси” Иосиф Сталин ҳарбий коммунизм сиёсатидаги хатолардан мутлақо хулоса чиқармаганди. У бошчилигидаги бир тўда каллакесарлар яна эски ва аянчли тарихни онгли равишда такрорлашга киришди.
Сталиннинг кўрсатган “каромати”
Янги иқтисодий сиёсатни йўқ қилиш якуний босқичга кирган маҳал, у билан параллел тарзда яна бошқа бир лойиҳа старт олганди. Узоқ муддатли стратегик ривожланиш йўлларини ишлаб чиқишга уқуви йўқ бўлган Сталин ва унинг атрофидагилар бу сафар ҳам қовун туширади. 1929 йилда бутун СССР бўйлаб янги жараён – “Коллективлаштириш” сиёсати бошланди. Бу эса амалда 1918 йилда бутун мамлакат аҳволини оғирлаштирган ҳарбий коммунизм сиёсатида бошланган ишларни якунлаб қўйиш эди.
Сталин эски тос эски ҳаммомга қайтганди. Коллективлаштириш 4 йилдан кўпроқ давом этди ва шафқатсизлик борасида ҳарбий коммунизмдан юз чандон ўтиб тушди. Бу вақт мобайнида қишлоқлардаги ўзига тўқ деҳқонлар ва йирик ер эгаларининг барчаси ўз мулкидан маҳрум қилинди. Энг ачинарлиси, уларнинг кўпчилиги асоссиз равишда жуда кўп азоб-уқубатларга дучор этилди. Деҳқон ва мулкдорлар “қулоқ”, яъни “муштумзўр” номли тўқиб чиқарилган айблов билан қамалди, сургун қилинди ва ҳатто жисмонан йўқ қилинди. 4 йиллик коллективлаштириш давомида 15 миллионга яқин деҳқонлар СССР ичида бир жойдан бошқа жойга сургун қилинди. Бундай сургун натижасида эса миллионлаб бегуноҳлар ўз ватанидан узоқда жон берди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди. Олдинда СССРдаги босиб олинган давлатлар аҳолисини энг даҳшатли сценарийлар кутиб турарди. Бу мазкур воқеалардан 10 йил бурун мамлакатда содир бўлган очарчиликнинг бир неча карра кучлироқ ва азобларга лиқ тўла шаклда қайталаниш жараёни эди.
Барчаси худди олдингидек, ҳарбий коммунизм даврида бўлгани каби кўриниш олди. Мамлакат ўз еридан маҳрум қилинган ва ўша ерда оддий ишчи сифатида меҳнатга мажбурланаётган деҳқонлар, рўзғоридан ортиқча чорваси зўравонлик билан тортиб олинаётган чорвадорлар билан тўлиб тошганди. Ҳафсаласи пир бўлган деҳқон ерга ортиқча меҳр бермас, қорамоллари шунчаки тортиб олинаётган чорвадор уларни Сталин режимига беришга кўзи қиймас ва алам устида ўз жониворларини ўлдирарди.
Вазият шу тарзда авж олдики, Москвадаги раҳбарлари қабул қилган қарорлари оқибатида навбатдаги очарчилик тўлқини СССР ерларига жуда яқин келиб қолганди. “Коллективлаштириш” номли юлғич сиёсатнинг сўнгги даврида, аниқроғи 1932 йилнинг охирларида мана шундай очарчилик ниҳоят бошланди. Бу шунчаки озиқ-овқат етишмовчилиги ёки оддий очлик даври эмасди. Бу ҳақиқий қирғинбарот жараён эди. 1933 йилга келиб яна ўша эски очарчилик ўчоқлари Украина, Кубан, Волгабўйи ва уларга қўшимча равишда Қозоғистонда нақд 7 миллиондан ортиқ одам оч-наҳорликдан ташландиқ ҳолда бу дунёдан кўз юмди. Ушбу рақамларнинг ярмидан кўпи, 4 миллиони фақатгина Украина улушига тўғри келди. Бу ҳудуддаги ҳолат эса жаҳаннамнинг ўзгинаси эди.
Очликка кишанланган Украина
1931-32 йилларда Украинада ҳосил етиштириш учун бироз ноқулай бўлган об-ҳаво кузатилади. Устига-устак шу йиллар оралиғида бир қанча ўсимлик касалликлари авж олгани ҳақида маълумотлар ҳам мавжуд. Шу ва юқорида кўрсатилган деҳқонларни бор будидан мосуво қилиб, уларни ҳафсаласи йўқ ҳолида мажбурий меҳнатга мажбурлаш каби бошқа омиллар қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотлар ҳажмини кескин тарзда тушириб юборади. 1932 йилда етиштирилган ҳосил Украинадаги ички истеъмол эҳтиёжларини ҳам таъминлай олиши даргумон эди. Аммо шундай шароитда ҳам Сталиннинг шафқатсиз озиқ-овқат “развёрстка”си – деҳқонлардан ортиқча маҳсулотни тортиб олиш тизими ишлашда давом этди. Энг қизиғи шу йили деҳқончилик маҳсулотларини марказга, яъни Москвага ташиб кетиш янада шафқатсиз кўриниш олди. Бу сафар ортиқча ҳосил эмас, балки аҳолининг ўз эҳтиёжи учун олиб қолиши лозим бўлган қуритилган меваларидан тортиб, дуккакли маҳсулотларнинг барчаси ташиб кетилди. Москва расмийлари Украинадаги қишлоқ аҳолисининг сўнгги бошоғини ҳам юлқиб олиш даражасига етган. Иосиф ва унинг гумашталари Украинани дўзахга ташлашга онгли равишда қарор қилади. Барчаси 1932 йилнинг сўнгги ойларида бошланди.
Озиқ-овқат етишмовчилиги аста-секин кучайиши фонида аҳоли орасида ўғрилик ва фоҳишалик каби иллатлар урчишни бошлади. Омон қолиш йўлида барча имкониятлар ишга солинди. Ҳар бир поезд станциясида бир бурда нон эвазига чойшаб таклиф қиладиган латтага ўранган бир тўда деҳқонлар саф тортиб туриши одат тусига киради. Аёллар оёқ-қўллари таёқдек, қорни шишган, ингичка бўйнига ўралган катта ўлик бошлари билан арвоҳ ҳолига келиб қолган гўдакларини кўтариб турган манзара ҳаммасидан-да даҳшатлироқ бўлган. 1933 йилнинг дастлабки чорагида эса вазият ўта ёмон аҳволга келиб қолди. Очлик шунчалик кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлдики, қурбонларни дафн қилиш муаммога айланди. Кўчаларнинг турли қисмида, йўл четларида ва бошқа шундай жойларда ўликларни учратиш одатий ҳолга айланганди. Аммо баҳорнинг ўрталарига келиб, кўчаларда ўликлар ҳам қолмайди. Чунки очликдан азият чекаётган аҳоли ўртасида каннибализм авж олганди. Оч-наҳор ва ейиш учун ҳеч вақо топа олмаган одамлар ноиложликдан ўлган одамлар гўштини истеъмол қилиш йўлига ўтганди.
Украина даҳшат ичида қолади. Омон қолиш тана ва руҳ ўртасидаги курашга айланганди. Жисмонан омон қолишни истаганлар ўликлар гўшти билан жон сақлади. Бундай ишни қила олмаганлар эса очликдан вафот этади. Одамларда эртанги кунга ишончдан асар ҳам қолмаганди. 1933 йил июнь ойида украиналик бир аёл шифокор дўстига хат ёзади. Икки оғизлик хат мазмунидан эса ўша пайтдаги аҳволни тўлиқ англаш мумкин.
“Мен ҳали каннибалликка қўл урмадим. Демак, ҳозирча каннибал эмасман. Лекин хатим сенга етиб боргунга қадар мен бундай бўлмаслигимга ишончим комил эмас”.
1933 йил ўрталарига келиб Украина ўта аянчли аҳволда эди. Ҳатто айрим манбалар бу пайтда Республикада инсон гўшти савдосида қора бозор ҳам пайдо бўлганини таъкидлайди. Полиция қассобхоналарни диққат билан кузатиб, инсон гўштини муомалага киритмасликка ҳаракат қилган. Аммо муаммо бу тарздаги ечим билан ҳал бўлмасди ва Москва буни тан олишни хоҳламасди. Ўша пайтда мамлакатдаги Италия консули Серхио Градениго, Харковда “одам гўшти савдоси фаоллашгани” ҳақида хабар беради. Бироқ очликни тугатиш ва одамларни бундан қутқариш масаласини ҳал қилиш ўрнига, Сталиннинг агрессив ҳокимияти бундай маълумот ва хабарлар дунё ҳамжамиятининг қулоғига етиб бормаслиги учун қўлларидан келганча ҳаракат қилади. Вазият эса борган сари хунук тус олар, озиқ-овқат учун болаларни ўлдириш каби ҳолатлар кенг тарқалган ва буни назорат қилиш имконсиз бўлиб борарди. 1933 йилда бутун Украина бўйлаб “болалар ови” ҳақида турли хил гап-сўз ва миш-мишлар тарқалган.
Турмуш тарзи шундай шароитда издан чиққан ва полиция бундай ҳолатларни назорат қилишни қўлдан чиқарганди. Аммо шундай бўлишига қарамай, 1933 йилнинг ўзида Украинада камида 2500 дан ортиқ киши каннибализм учун жазога ҳукм қилинган ва яна минглаб иложсиз инсонлар бошқа турдаги жиноятлар билан жавобгарликка тортилган. 1933 йил март ойида Киев вилоятидаги махфий полиция ҳар куни ўн ёки ундан кўп одам каннибализмга қўл урганлиги ҳақида маълумотлар тўплайди. Каннибализмда айбдор деб топилганлар эса қамоққа ташланади ёки қатл қилинади. Аммо расмийлар каннибализмнинг кўлами ҳақида яхши маълумотга эга бўлишса-да, улар бу маълумотни кенг оммага маълум бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишди.
Бир йил ичида бутун Украина ҳудудида нақд 4 миллион этник украин очликдан вафот этганди. Кўплаб мутахассислар эса бу рақам асл ҳақиқатдан анча кичик эканлигини иддао қилишади. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бир ҳукуматни уйғотиш ва виждонини қайнатиш учун 4 миллион инсоннинг ўлими етиб ортарди. Бироқ минг афсуски, Сталин ва унинг жамоасининг инсонийлик хислатларини жонлантириш учун миллионланган қирғин қурбонларининг ўта аянчли тақдири етарли бўлмади. Яширин тарзда тўпланган маълумотлар Совет ҳукуматини ҳаракатга келтира олмайди. Очлик рўй бераётган бир пайтда, бу ҳақдаги хабарлар совет бюрократлари томонидан атайлаб ўчирилди.
Партия расмийлари буни омма олдида тилга олишмади. Москвада жойлашган Ғарб журналистларига бу ҳақда ёзмаслик кўрсатмаси берилди. Сталиннинг ўзи 1937 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларини бостиришгача борган; ўша рўйхатга олиш маъмурлари ҳибсга олинди ва ўлдирилди, чунки бу рақамлар Украина аҳолисининг қисқаришини очиб берди. Очлик даҳшатлари, шу жумладан каннибализм ҳақидаги турли хабарлар Москвага юборилади, аммо Кремль бу қирғинбарот очликка нисбатан пинагини ҳам бузмайди. Улар Украинада ҳеч нима содир бўлмаяпти, деб ҳисоблайди. Чунки бу расвогарчиликларнинг бирдан бир ягона айбдори ва сабабчиси айнан уларнинг ўзлари эди.
Расман ким айбдор?
Украинада содир бўлган мазкур очарчилик Голодомор – очлик қирғини деган ном билан тарихга кирди. Мана 90 йилдирки ушбу очлик қирғини ҳақидаги қарашлар ва унинг содир бўлишидаги тахминлар икки қутбга бўлинган. Россия томони Голодоморни СССРдаги умумий муаммолар фонида содир бўлганини таъкидласа, Украина ва дунёнинг қолган бир қисми бу воқеани Сталин ва унинг атрофидагилар этник украинларга нисбатан уюштирилган геноцид деб билади. Голодомор воқеаси содир бўлганидан то бугунгача рус тарихчиларидан тортиб пропагандачиларигача мазкур ҳодисани Сталиннинг украинларга қарши уюштирган қирғини эмас, балки табиий жараёнда содир бўлган мусибат сифатида талқин қилиб келишди. Голодомор СССР бошқарувининг қинғирликларини ошкор қилиш хавфи мавжудлиги боис Совет ҳукумати очарчилик ҳақидаги маълумотларни фаол равишда йўқотди ва реал воқеликни бузиб талқин қилди.
Оммавий очарчилик ҳақидаги хабарлар цензурадан ўтказилиб, хорижликларнинг жабрланган ҳудудларга бориши қатъиян ман этилди. Совет пропагандаси очарчилик ҳақидаги ҳар қандай хабарларни рад этди. Ўтмишдаги ва бугунги Кремль расмийлари ва рус медиаси Голодоморни атайин қилинган қирғин эмаслигини исботлашга жуда кўп чиранишади. Улар 1932-33 йилларда Украинадаги даҳшатли очарчилик ўша пайтдаги СССРда мавжуд бўлган умумий муаммолар фонида юз бергани, бундан ташқари, очарчилик бошланишидан олдинги ноқулай об-ҳаво ва ҳатто украиналик деҳқонларнинг тизимга тескари тарзда ҳаракат қилгани билан боғлашади. Яна бир энг кулгили важлардан бири эса ўша йиллардаги дала сичқонларининг популяциясидир. Тўғри, бу важларда маълум маънода жон бордир. Хусусан, СССРда жорий қилинган Коллективлаштириш сиёсати 1928-1932 йилларда бошланган 5 йиллик саноатлаштириш режаси билан деярли бир вақтда ўтказилади.
Шаҳарларда индустрияни ривожлантириш, жумладан, оғир саноатни оёққа турғизиш учун мислсиз ресурслар керак эди. Қишлоқ хўжалигининг асосий генератори бўлган деҳқонлар ва қишлоқ аҳолиси шаҳарларни ривожлантириш йўлида золим Сталиннинг қўлидаги ўлжага айланади. Украина қишлоқлардаги охирги дон бошоқлари ҳам Сталин ҳокимиятини сақлаб қолиши кўзда тутилган оғир саноат ривожи учун шаҳарларга ва Япония босқини хавфини камайтириш учун ҳарбий харажатларни қоплаш мақсадида марказга ташиб кетилади. Бундан ташқари қурғоқчилик ва ўсимликлардан тарқалган турли хил касалликлар каби табиий офат омили ва бошқаларни ҳам маълум маънода қабул қилса бўлади. Аммо бу Сталин ва унинг гумашталари томонидан Украина халқига қилинган жиноятни шунчаки табиий ҳолатда юз берган жараён сифатида оқлаш учун етарли бўлмайди. Чунки қуйида келтириладиган далиллар Голодомор ҳукумат хатоси эмас, балки Сталиннинг аниқ мақсадли қирғини эканлигини яхшигина исботлайди.
Геноциднинг шубҳали излари
Бутун Украина очарчилик исканжасида қолган ва республика ҳудудида ейиш учун ўлган одам суякларидан бошқа ҳеч вақо қолмаган маҳалда нега украинлар озуқа излаб бошқа жойларга йўл олишмаган ёки бунинг иложи йўқмиди? Йўқ. Бу мутлақо имконсиз эди. Ўша пайтда Сталиннинг террор машинаси очарчиликка учраган ҳудудлар аҳолисининг шаҳарларга кўчишини тақиқлайди. Иттифоқ ичидаги қўшни республикаларга саёҳат қилиш тақиқланади ва қизил армия қўшинлари тўйиб овқатланган шаҳарларни оч қишлоқлардан ажратган ҳолда уларни ўраб олишади. Британиялик тарихчи Норман Дэвис айнан шу тақиқ сабабли Голодоморни геноцид дея баҳолайди. У ўзининг “Европа тарихи” асарида Голодоморни Совет раҳбариятининг миллатчилик ҳаракати ва унинг синфий қўллаб-қувватловчиси дея тамғаланган бой деҳқонларни йўқ қилишга қаратилган, қасддан содир этган ҳаракатлари оқибати деб эълон қилади.
1933 йилги очарчиликни Сталиннинг украиналикларни қириш операцияси бўлган бўлиши мумкинлигига ишора қилувчи яна бир қизиқ асослардан бири бу – бевосита сургун билан боғлиқ. Юқорида коллективлаштириш даврида 15 миллиондан ортиқ деҳқон ўз ватанидан сургун қилингани ҳақида сўз очилганди. Миллионлаб инсонларни депортация қилиш жуда катта молиявий харжларни талаб қиларди. Шунга кўра, баъзи пессимистик қарашларга бўйича, ўша пайтда СССР ҳукумати депортация харажатларини камайтириш учун Украинанинг бой деҳқонлари ва ерга эгалик қилувчи меҳнаткашларини оч қолдириш орқали шу ернинг ўзида йўқ қилишни афзал кўргани тахмин қилинади.
Аммо Голодомор ташкиллаштирилишининг энг муҳим ва асосли нуқталари бир бўғинда тўпланади. Бу – узлуксиз тарзда адолат ва ҳурлик истаб репрессив Кремль ва унинг жаллодларига қарши қўзғолонлар уюштирувчи украин халқини ҳам руҳам, ҳам жисмонан батамом йўқ қилиш эди. Совет Иттифоқида, шу жумладан Украина ССРда мажбурий коллективлаштириш ўз ерларидан ажралишни хоҳламаган кўплаб меҳнаткашларнинг қўзғолонларига сабаб бўлди. Шунингдек, Украина расмийларининг ҳисоботларида деҳқонлар орасида партиянинг нуфузи пасайиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор. Нью-Йоркдаги Шевченко илмий жамияти қошидаги АҚШда яшовчи украиналикларнинг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлари маркази директори Олеҳ Воловьнанинг изоҳ беришича, деҳқонларнинг қаршилик кўрсатиши совет ҳукумати фикрига кўра, гўёки "фашизм ва буржуа миллатчилиги" билан булғанган ҳаракат дея сифатланади.
Ўша кезларда коллективлаштириш ишлаб чиқаришнинг пасайишига, қишлоқ хўжалигининг тартибсизлигига, озиқ-овқат тақчиллигига олиб келади. Бу Украинанинг баъзи ҳудудларида бир қатор деҳқон қўзғолонларини, жумладан, қуролли қўзғолонларни ҳам келтириб чиқаради. Қўзғолонлар Сталинни тобора хавотирга сола бошлайди. Чунки улар бундан ўн йил олдин Россия фуқаролар уруши пайтида Қизил Армияга қарши курашган вилоятларда авж олганди. Шунда Сталин 1932 йил августида ўзининг энг яқин одамларидан бири бўлган Лазар Кагановичга қуйидаги мазмунда хат ёзади.
"Агар биз ҳозир Украинадаги вазиятни яхшилаш учун ҳаракат қилмасак, Украинани йўқотишимиз мумкин".
Украина голодомори совет тузуми томонидан украин деҳқонларини бостириш ва украин миллатчилигининг ҳар қандай кўринишини йўқ қилиш учун атайлаб олиб борилган сиёсатга ишора қилинувчи яна сон-саноқсиз далиллар мавжуд. Хусусан, деҳқонлардан барча озиқ-овқат маҳсулотларини тортиб олиш, мажбурий коллективлаштириш ва деҳқонлар мулкини мусодара қилиш йўли билан Украина қишлоқ хўжалигини атайлаб бузиш, 1932 йилда Украина ССР учун ғалла мажбуриятларини реал бўлмаган миқдорда сезиларли даражада ошириш, таъминлаш имкониятлари мавжуд бўлишига қарамай, очарчиликка қарши умуман кураш олиб борилмаганлиги ва энг аламлиси ахборот блокадаси орқали хориждан озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш имкониятини йўққа чиқариш. Шунча далил ва исботлар ҳамда СССРнинг асл башараси. Мана шундай ҳолатда ҳам голодоморни геноцид эмас дейиш ўтмишга ва тарихга нисбатан хиёнат бўлмасмикан?
“Ёлғонни яширсанг халқаро ҳамжамият ошкор қилади”
Очлик пайтида ва ундан кейин маълумотларнинг инкор этилиши ва бузиб кўрсатилиши ушбу даҳшатли воқеанинг ҳақиқий кўлами ва таъсирини тушунишни мураккаблаштирди. Кремль ўз айби билан юз берган бу даҳшатли тарихий ҳақиқатни ярим асрдан кўпроқ вақт давомида расман рад этганига қарамай, мустақилликка эришгандан сўнг бу ўтмиш Украина жамоатчилиги хотирасида қайта жонланди. Украина ҳукумати, шунингдек, украин диаспораси Голодоморни хотирлаш учун ёдгорликлар ўрнатди ва Голодоморни хотирлаш куни бутун дунё бўйлаб ноябрь ойининг тўртинчи шанбаси этиб белгиланди. Украина очарчилик бўйича тадқиқотларга ҳам сармоя киритди.
Украина тарихида чуқур яра қолдирган Голодоморга нисбатан халқаро майдондаги муносабат дастлаб турлича эди. Баъзи Ғарб ҳукуматлари, хусусан, Қўшма Штатлар Советларнинг 1932-1933 йиллардаги очликка сабаб бўлган ҳаракатларини қоралаб, уни геноцид деб атади. Бироқ, дипломатик томондан ва сиёсий кун тартиби туфайли, кўплаб давлатлар буни шунчаки табиий офат сифатида малакалаб Кремль билан “сен-менга” боришни истамасди. Дастлаб, мана шундай позицияда туришни ҳатто Буюк Британия ҳам маъқул кўрди. Аммо 4 миллион украиналикни очликдан ўлдирган Голодомор воқеаси тарихнинг бир бурчагида қолиб кетмади. Энг биринчи бўлиб 1993 йилнинг 20 октябрида Эстония Парламенти бу сукунатни бузди ва тарихий ҳақиқатни тиклаш жараёнига старт берди. Эстония Голодоморни геноцид деб тан олди. Шундан саккиз кун ўтиб, 28 октябрда Австралия Сенати ҳам бу воқеани худди Эстония сингари геноцид дея тан олганини эълон қилди. Аммо шундан сўнг кейинги 10 йилда расмий сиёсий доираларда Голодоморни Совет режимини украинларга нисбатан онгли тарзда уюштирган қирғини дея эътироф этиш тенденцияси тўхтаб қолади.
Бу жараён 2003 йилда Украина Олий Радасидаги мурожаатдан сўнг яна қайта жонланади. Шу йили яна икки мамлакат Канада ва Венгрия Голодомрони Украина халқининг геноциди сифатида тан олади. Шундан сўнг бу тенденция узилишларсиз давом этади. Хусусан, 2004 йилда Италия ва Ватикан, 2005 йилда Литва ва Грузия, 2006 йилда Украинанинг ўзи ҳамда Полша, 2007 йилда Лотин Америкасининг бир қатор давлатлари, жумладан Перу, Парагвай, Бразилия, Эквадор ва Колумбия каби давлатлар Голодомор геноцид деган даъвога қўшилишади. Кейинги йилларда эса Мексика, Латвия, Португалия ва Америка Қўшма Штатлари ҳам 1933 йилги очарчиликни СССРнинг этник украиналикларга нисбатан қилган геноциди, деб тан олади. Шундай қилиб, 2019 йил ҳолатига кўра 16 мамлакат Голодоморни геноцид сифатида расмийлаштирди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. 2022 йилда Россиянинг Украинага босқини оқибатида расмий Москва санкциялар ёмғири остида қолиши билан бирга Голодомор ҳам яна қайта кун тартибига чиқди. 2022-23 йилларда яна 14 мамлакат Чехия, Молдова, Ирландия, Германия, Болгария, Бельгия, Исландия, Франция, Словения, Буюк Британия, Люксембург, Словакия, Хорватия ва Нидерландия каби давлатлар Голодоморни геноцид дея расмийлаштирди. Шундай қилиб, 1932-1933 йилларда Украина ҳудудида юз берган оммавий очарчиликни зулмкор СССРнинг геноцид акти дея тан олган давлатлар сони 33 тага етди.
Шундай экан, қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда бўлса ҳам чиқади. Голодоморга эса бунинг учун 60 йил етарли бўлди.
LiveБарчаси