Биз энди ўлимдан қўрқмаймиз – Украина элчиси урушнинг 1000 куни қандай ўтгани ҳақида
Интервью
−
20:00
14481000 кун. Сиз-у биз яшаётган XXI асрда минг кундан бери уруш давом этмоқда. Бу давр мобайнида урушни тугатиш учун бир қанча ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Бироқ улар натижа бермади.
19 ноябрь куни Украинанинг Тошкентдаги элчихонасида Россия босқинининг 1000 кунлигига бағишланган брифинг бўлиб ўтди ва унда элчи Микола Дорошенко билан қуйидаги масалалар муҳокама қилинди.
“Биз 1000 кундан бери урушдамиз ва Украина боши берк кўчага етиб келганга ўхшайди. Айрим оммавий ахборот воситаларида баъзида бундай версиялар тарқалади.
Менимча, вазиятга бундай баҳо бериш муболаға. Бугун қийин пайтлар ва бу ҳақиқат. Биз эртанги кун ҳақида қайғурамиз ва бу ҳам тўғри. Аммо одамлар “бу боши берк кўча” дейишса, бу мамлакат ва унинг аҳолиси умидсизликка тушиб қолганини, ҳамма нарса йўқолганини, умид йўқлигини англатади. Ва бу энди шунчаки тўғри эмас. Мен яқинда Украинада уйда эдим ва ҳавода келажакка жамланган, кескин интизорликни ҳис қилдим, қўрқув ёки умидсизликни эмас.
Россиянинг Украинага қарши уруши ўн йилдан ортиқ давом этмоқда ва кенг кўламли босқин деярли уч йил олдин бошланган. Бугун бу тажовуз бошланганига роппа-роса 1000 кун бўлди. Бу вақт ичида биз ўлим ҳақида ўйлашга ўрганиб қолганмиз. Биз ўлимнинг юзига қарашни ўргандик, шунинг учун биз энди ундан қўрқмаймиз ва бу ерда “боши берк кўчаларни” кўрмаяпмиз. Биз барқарор ва умидли бўлиб қоламиз”, деди элчи.
БМТ маълумотларига кўра, 2022 йил февралда Россия Украинага бостириб кирганидан бери камида 12 164 нафар тинч аҳоли, жумладан, 600 дан ортиқ бола ҳалок бўлган. Камида 26 871 киши жароҳат олган. Бу фақат тасдиқланган маълумотлар бўлиб, ҳақиқий қурбонлар сони бундан анча юқори бўлиши мумкин. Шаҳарлар, қишлоқлар ва туманлар буткул вайрон бўлган. Бахмут, Авдеевка, Вовчанск ва Угледар деярли харитадан ўчиб кетган.
Ҳужумлар давомида камида 580 та тиббиёт муассасаси зарар кўрган ёки вайрон бўлган, кўплаб биринчи ёрдам кўрсатувчи ходимлар ва тиббиёт ходимлари қурбон бўлган ва жароҳат олган. Шунингдек, камида 1 358 та таълим муассасаси зарар кўрган ёки вайрон бўлган. Қарийб тўрт миллион киши мамлакат ичида кўчирилган, 6,8 миллиондан ортиқ киши эса мамлакатни тарк этган. Бир бутун авлод болалари етарли таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда, чунки ҳужумлар оқибатида мактаблар онлайн шаклга ўтган ёки бошпаналарга кўчирилган.
Хўш, урушда Россия қандай зарар кўрди. Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко шу ҳақида ҳам гапирди.
“Тўлиқ миқёсли тажовуз бошланганидан бери Россия тузатиб бўлмайдиган йўқотишларга дуч келди: 720 000 аскар, 9 000 дан ортиқ танк, 20 000 га яқин артиллерия тизими, 370 самолёт, 330 вертолёт, 1250 ракета тизимлари, 18 000 дан ортиқ ҳарбий кемалар ва сувости кемалари. Украина Россиянинг Қора денгиз флотининг деярли учдан бир қисмини йўқ қилди ёки ишдан чиқарди. Украина қўшинлари қурол-яроғ омборлари каби муҳим ҳарбий инфратузилма объектларига зарба бериш, уларнинг моддий-техник таъминотини издан чиқариш ва ҳужум қилиш имкониятларини камайтириш орқали душманни узоқ муддатли уруш қилиш имкониятидан маҳрум қилишга интилмоқда.
Мен буни “боши берк кўча” деб атамаган бўлардим. Яна бир факт: Россия ўз конституциясига Украинанинг тўртта вилоятини киритган, бироқ шу кунгача уларнинг бирортасини тўлиқ назорат қила олмайди. Бир йил олдин Путин Донецк вилоятини, тахминан 10 минг квадрат километр майдонни тўлиқ босиб олишни буюрган эди. Бугунги кунда улар ушбу ҳудуднинг атиги 17 фоизини эгаллаб олди. Агар кимдир “тупик”да бўлса, бу руслар: улар кўпроқ одамлар ва ускуналарни сарфламоқда, лекин камроқ натижага эришмоқда”, деди Дорошенко.
Украинада уруш минг кундан ортиқ давом этар экан, халқаро ҳамжамият бу даврда босқинни тўхтатиш, томонларни келиштириш борасида ҳеч бир иш қилмай, қўл қовуштириб ўтирди дея олмаймиз. Можарога ечим топиш учун бир қанча конференциялар ўтказилди, учинчи томон мамлакатлар орага тушиб, ўт очишни тўхтатиш борасида ўз таклифларини илгари сурди. Бироқ бу натижа бермади. Хўш, нега?
“Хитой-Бразилия режаси ҳақида эшитган бўлишингиз мумкин. Хитой-Бразилия режасининг иккита варианти бор эди: дастлаб ўн икки бандли, кейин олтита бандли. Биринчи ўн икки бандли таклифда БМТ низомига риоя қилиш масаласи бор эди, у қаердадир йўқолди. Яъни улар демаркация чизиғи бўйлаб урушни тўхтатишни таклиф қилмоқда, биз буни “Минск-3” ёки “Норманд формати-2” га таклиф сифатида тушунамиз. Бошқа вариант йўқ, чунки Минск форматида Украина икки юзта учрашувни, Норманд форматида эса бироз камроқ учрашувни натижасиз ўтказди. Биз жуда яхши тушунамизки, бу урушни тўхтатиш, қуролланишни қайта ташкил этиш, технологияни янгилаш ва ҳоказо. Умид қиламизки, бу содир бўлмайди.
Бундан ташқари, Украина доимо хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапиради. Украина ва Европа Иттифоқининг ўттизта давлати ўртасида хавфсизлик ва ёрдам шартномалари аллақачон имзоланган, гарчи улар бу давлатларнинг бевосита ҳарбий иштирокини назарда тутмаса ҳам. Буни мутахассисларга батафсил тушунтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман, лекин шу билан бирга улар бу давлатлар бизнинг ёрқин тарафимизда эканлигини кафолатлайди”, деди элчи.
Шу ўринда Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан таклиф қилинган “тинчлик режаси” ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли. Яқинда Украинанинг ҳамкорларига ва Олий Радага тақдим этилган бу режа ОАВнинг ёзишича, кўпчиликда яхши таассурот уйғотмаган, уни амалга ошириш имконсизлиги айтилганди. Режа билан танишган АҚШ Президенти Жо Байденга ҳам бу таклиф ёқмагани хабар қилинганди. Хўш, бу режа қандай эди ва у нималарни ўз ичига олади. Элчи бу ҳақда ҳам гапирди.
“Президент Зеленский Ғалаба режасини ишлаб чиқди, у Украина халқига ва барча ҳамкорларимизга тақдим этилди. Ушбу режа тинчлик формуласини амалга ошириш учун восита бўлиб хизмат қилади. Дивандаги экспертлар ва сиёсатшунослар буни амалга ошириш мумкинлигига шубҳа билан қарашди.
Аммо кўряпсизми, бу режанинг стратегияси кейинги йилдан кечиктирмасдан Украинани урушни тугатиш учун етарлича кучли қилишдир. Агар ҳозир кучайтирмасак, Путин келаси йили сезиларли даражада кучайиши мумкинлигини тушунамиз. Ана ўшанда дипломатияга йўл ёпилиши мумкин.
Режа беш банд ва учта махфий таклифдан иборат.
Биринчи банд – Украинани НАТОга таклиф қилиш. Ҳозир бу бизнинг ҳамкорларимиз Украинанинг хавфсизлик архитектурасида тутган ўрнини кўришига ишонч беради. Путин унинг геосиёсий ҳисоб-китоблари муваффақиятсизликка учрашини тушуниши керак. Украина учун бу Европа интеграциясининг муқаррарлигини ва демократиянинг муқобили йўқлигини ҳам англатади.
Иккинчи банд – ҳимоя. Ҳамкорларимиз учун Украинанинг Россия назорати остидаги вақтинча босиб олинган барча ҳудудларида ва Россия ҳудудида душманнинг ҳарбий инфратузилмасига қарши узоқ масофага учувчи қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлаш жуда муҳим. Бунга Украинани етарлича узоқ масофага учувчи ракета, дрон ва бошқа ҳужум қобилиятлари билан таъминлаш киради.
Бу банд, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизни мустаҳкамлаш ва ҳамкор мамлакатларимиз ҳаво қалқонлари доирасида Россия ракеталари ва дронларини тутиб олиш учун Европадаги қўшниларимиз билан биргаликда мудофаа операцияларини ўтказишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, ушбу банд захира бригадаларимизни жиҳозлаш ва Украина мудофаа ишлаб чиқаришига, шу жумладан, ракеталар ва учувчисиз самолётларга сармоя киритишни ўз ичига олади.
Биз ҳамкорларимиздан Украинага сунъий йўлдош ва бошқа разведка маълумотларини реал вақтда тақдим этишларини сўраймиз. Курск операцияси туфайли биз рус қўшинларига ҳақиқий босим ўтказганимизда, Путиннинг чидашга кучи етмаслигига амин бўлдик. Тупроғимизда буфер зоналар яратилишининг олдини олиш учун душман ҳудудининг аниқ ҳудудларида ҳам операцияларни давом эттиришимиз керак.
Учинчи банд тўсқинлик қилиш билан боғлиқ. Биз ўз ҳудудимизга Украинани Россиядан келадиган ҳар қандай ҳарбий таҳдиддан ҳимоя қилиш учун етарли бўлган ядровий бўлмаган стратегик тўхтатувчи пакетлар мажмуасини жойлаштиришни таклиф қиламиз.
Тўртинчиси – стратегик иқтисодий салоҳият. Украина Америка Қўшма Штатлари ва ҳамкорларига, шу жумладан Украина бир қисми бўладиган Европа Иттифоқига, биз бунга шубҳа қилмаймиз, қўшма инвестицияларда Украинанинг муҳим ресурсларини биргаликда ҳимоя қилиш бўйича махсус битимлар тузишни таклиф қилмоқда.
Бешинчи банд урушдан кейинги даврга қаратилган. Биз ҳамкорларимизнинг розилиги билан Европада жойлашган АҚШ Қуролли кучларининг айрим контингентларини жанговар тажрибага эга бўлган ва Европада хавфсизликни ишончли кафолатлай оладиган Украина бўлинмалари билан алмаштиришни назарда тутяпмиз.
Ғалаба режаси моҳиятан иккинчи тинчлик саммитига йўл очади. Агар Россиянинг Украинага қарши уруши тинчлик саммитида якунланса, халқаро ҳуқуқ асосида бу бошқа потенциал тажовузкорларни янги урушлар бошлашдан қайтаради. Урушнинг тугаши шунчаки унинг тўхтатилиши эмас. Уруш ҳақиқатан ҳам адолат тикланиши ва халқаро жиноятлар учун барча айбдорларнинг жазоланиши билан тугайди. Россияга етказилган зарар музлатилган активлар орқали, шунингдек, биз олишимиз керак бўлган репарациялар орқали қопланиши керак”, деди элчи.
Зеленскийнинг “ғалаба режаси”дан сўнг, келинг, унинг ўзи ҳақида гаплашсак. Маълумки, Украинанинг амалдаги раҳбари 2019 йил 20 майдан ўз лавозимига киришган. Украинада Президент мандати 5 йил эканлигини ҳисобга олсак, бу йил ортда қолган 20 май кунида Зеленскийнинг бошқарув муддати тугаган. Агар мамлакатда уруш бўлмаганида, жорий йилнинг март ойида президент сайловлари бўлиб ўтиши керак эди, бироқ ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши бунга йўл бермади.
Яқинда бу масала яна кун тартибига чиқди. “The Economist” нашрининг манбаларига таяниб, хабар беришича, Украинада президент сайловига тайёргарлик бошланган ва унинг тахминий ўтказилиш санаси 2025 йилнинг 25 май куни. Қайд этилишича, Зеленскийнинг эҳтимолий рақибларининг вакиллари Украинага сайловлар кераклигини таъкидлаяпти. Аммо улар бу масалада жамоатчилик олдида баёнот беришга иккиланмоқда. Чунки улар давлат раҳбарияти бунга кескин муносабат билдиришидан хавотирда.
Элчи Дорошенко эса уруш вақтида сайлов ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмаслигини айтди.
“Армияда миллиондан ортиқ одам бор, чет элда эса 7,8 миллион киши. Украина ҳудудида ички кўчирилганлар бор. Шундай шароитда сайловларни ташкил қилиш? Яхши тасаввур қилинг. 17 ноябрь катта ҳужум бўлди, 120 ракеталар, худкуш бомбардимончилар, ҳоказо ва шу куни якшанба, сайлов куни.
Шундай шароитда сайловлар бўлиб ўтадими? Йўқ, бу мутлақо бемаънилик. Қолаверса, қонунчилигимизда ҳарбий ҳолат даврида сайлов ўтказиш мумкин эмаслиги аниқ тартибга солинган.
Ҳарбий ҳолатни Украина Олий Радаси қарор қилади, Президентимиз уни ҳар 3 ой 90 кунга узайтиради. Уруш тўхтаса, Олий Раданинг қарори ўзгаради.
Бизнинг сиёсий элитамиз ҳам Президент, ҳам Олий Рада сайловларни ўтказишдан бош тортмайди ва кўплаб сиёсатчилар уларга тайёр, эҳтимол. Лекин ҳарбий ҳолат пайтида бу мумкин эмас”, деди элчи.
Шу ўринда Украина ва унинг атрофида содир бўлаётган сўнгги воқеаларга ҳам тўхталсак. Америка матбуоти 17 ноябрь куни Жо Байден маъмурияти Украинага Россиядаги нишонларга қарши ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат бергани ҳақида хабар берди. Аналогик қарорлар Буюк Британия ва Франция томонидан ҳам қабул қилингани айтилди.
19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида зарба берди. Бу билан Украина Россиядаги нишонларга нисбатан биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллади. 20 ноябрда эса Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги нишонга биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталарини отгани хабар қилинди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, Москванинг жавоби адекват ва аниқ бўлишини билдирганди. 21 ноябрь куни Россия ўзининг ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасини Украинадаги объектга қарата учирди.
Хуллас, Украинада уруш давом этмоқда.
“Кечирасиз, сизни бундай батафсил маълумот билан бироз қийнадим, лекин буни эшитишингизни истардим, минг кунлик уруш умидсизлик эмас, қўрқув эмас, тиз чўкиб ўтмишга қайтиш қарори эмас. Украина ўз озодлиги учун курашмоқда ва биз буни ҳеч кимнинг бошдан кечиришини хоҳламаймиз, лекин сиз мендан “Украина каби тинчликни ҳеч ким хоҳламайди” деган иборани эшитишингизни хоҳлайман”, деди элчи.