Финляндия ва Украина ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Олам

image

Финляндия ва Украина Мудофаа вазирлари Антти Хяккянен ва Рустам Умаров мудофаа соҳасида мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Финляндия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Билдирилишича, икки томонлама мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган баёнотда Финляндия ва Украинада мудофаа масалалари, ахборот алмашинуви, тадқиқот ва инновацион фаолият, ўқ-дориларни ишлаб чиқариш ва мудофаа билан боғлиқ лойиҳаларнинг ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинган.

“Финляндия уч йилдан ортиқ вақт давомида Украинани мудофаа курашида қўллаб-қувватлади ва биз иқтисодиётимиз ҳажми бўйича энг йирик қўллаб-қувватловчи давлатларданмиз. Биз Украина билан бир хил Европа чеккасида турибмиз ва ўтмишдаги тажрибаларимиздан келиб чиққан ҳолда Россия таҳдидига бир хил фикрдамиз. Финляндия ҳам Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш тарафдори. Бироқ мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бир томонлама эмас, балки ҳар икки томон манфаатли шерикликдир. Ушбу меморандум биз икки давлат манфаати йўлида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истагимиздан далолатдир”, дейди Финляндия Мудофаа вазири Хяккянен. 

Қайд этилишича, вазирлар йиғилишда Финляндия Украинага навбатдаги 28-қурол ёрдам пакетини эълон қилган. Бу тахминан 200 миллион еврога тенг. Пакет ҳукумат ва Республика Президенти томонидан тасдиқланиши керак. Жорий йил январь ойида Финляндия 200 миллион еврони ташкил этган 27-пакет тўғрисида қарор қабул қилган. Февраль ойи охирида ҳам Финляндия 660 миллион евролик саноат дастурини эълон қилган. Охирги қарорлар амалга оширилиши билан Финляндия томонидан кўрсатилган моддий ёрдамнинг умумий қиймати 3,3 миллиард еврогача ошади.

“Аввалгидек, бу сафар ҳам ёрдам пакетининг мазмуни батафсил баён этилмайди. Бироқ шуни айтиш мумкинки, бу сафар у бошқа нарсалар қатори ҳозирда катта эҳтиёж сезаётган артиллерия ўқ-дориларини ҳам ўз ичига олади. Мамлакатимизда Украинага ёрдам бериш учун кенг сиёсий қўллаб-қувватлаш ва миллий якдиллик мавжудлиги жуда ажойиб. Саноатни қўллаб-қувватлаш дастури орқали Украинани қўллаб-қувватлашни ички таъминот хавфсизлигини мустаҳкамлаш билан уйғунлаштиришга эришганимиз ҳам қимматлидир”, дейди Хяккянен.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Украинага ўқ-дорилар етказиб беришдан иборат янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина Финляндия Рустам Умаров Антти Хяккянен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг