Швециянинг НАТОга қўшилиши кейинги йилга қоладиган бўлди
Олам
−
28 Декабрь 2023
2921Туркия парламенти 2024 йилги бюджет ва бир қанча қонунларни қабул қилганидан сўнг, қишки таътилга чиқди. Мажлис Бош Ассамблеясида Швециянинг НАТОга аризаси бўйича овоз бериш 16 январдан кейин бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда “Haber Global” телеканали хабар берди.
26 декабрь куни Туркия парламентининг Халқаро ишлар комиссияси Швециянинг альянсга қабул қилиниши ҳақидаги ратификация протоколини тасдиқлади. Энди у бўйича овоз бериш бутун парламентда ўтказилиши керак. Буни тасдиқлаш учун депутатларнинг оддий кўпчилик овози кифоя қилади.
“600 ўринли парламентда ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси кўпчиликни ташкил этганини инобатга олсак, Швеция номзодини маъқуллаш масаласи Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг бу борадаги якуний қарорига боғлиқ”, дейди таҳлилчилар.
Туркия парламентининг тегишли комиссияси раҳбари Фуат Ўқтай Бош Ассамблея томонидан Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси бўйича тезкор овоз беришини кутмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирган.
Эрдўған Швеция аризасини маъқуллаш масаласини АҚШ Конгресси томонидан Анқарага F-16 қирувчи самолётларини сотиш бўйича қарор қабул қилиниши билан боғлашини айтган.
Туркия раҳбари ўтган ҳафтада АҚШ Президенти Жо Байденни телефон орқали суҳбатида F-16 сотувига ижобий муносабатда эканига ишонтиришга уринган. Туркия бир неча йил аввал АҚШдан 40 та F-16 Block 70 қирувчи самолёти ва 80 та Block 70 такомиллаштирилган тўпламларини сўраган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Конгресснинг баъзи аъзолари бундай таъминотни Анқаранинг Швецияни НАТОга қабул қилиш учун зарур бўлган қадамларидан бири деб ҳисоблаяпти. Ноябрь ойи бошида Туркиянинг АҚШдан F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиши бўйича техник даражадаги музокаралар якунлангани ва Анқара бу масалани ижобий ҳал этишига умид қилаётгани хабар қилинган.
Фақат Венгрия ва Туркия Швециянинг иттифоққа қўшилиши ҳақидаги протоколларни ратификация қилмаган. Қиролликнинг НАТОга аризасини маъқуллаш учун Туркия мамлакат расмийларидан терроризмга қарши кураш тўғрисидаги янгиланган қонунни, хусусан, Анқара томонидан террорчилик ташкилоти деб эълон қилинган Курдистон ишчилар партиясига қарши курашиш масаласида амалда қўллашни талаб қилади.
LiveБарчаси