Илгари бизнес шунчаки тартибга солиш объекти эди — Мурод Назаров
Жамият
−
19:30 932 7 дақиқа
Давлат ва бизнес ҳамкорлиги: тараққиёт сари биргаликда
Ўзбекистонда август ойида анъанавий тарзда Президент ва тадбиркорларнинг очиқ мулоқоти кун тартибига чиқади. 2021 йилда бошланган ташаббус доирасида давлат раҳбари ва бизнес эгалари бу йил олтинчи маротаба юзма-юз суҳбатлашади. Мамлакат раҳбарининг бизнес вакиллари билан ягона платформага йиғилиши, уларнинг дард ва таклифларини бевосита эшитиши, бюрократик ғовларни парчалашга қаратилган энг самарали тизим сифатида эътироф этилади. Расмий доиралар буни “давлат ва бизнес ўртасидаги тенг ҳуқуқли ҳамкорлик” деб баҳолайди.
Аммо ҳақиқий ва адолатли баҳони “берувчи қўл” эмас, “олувчи қўл” кўрсатиши мумкин. Шу сабаб QALAMPIR.UZ Президент билан ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотларнинг доимий иштирокчиси, қурилиш ва девелопмент соҳасида 20 дан ортиқ инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган, 23 йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркор Мурод Назаровни суҳбатга тортди. Ўзбекистондаги энг баланд бино — NEST ONE лойиҳасининг раҳбари саволларга жавоб берар экан, мавжуд имкониятлар, очиқ мулоқотнинг реал натижалари ва саноатдаги яширин хавф-хатарлар борасида ўз хулосаларини очивлади.
Давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги янги муносабатлар
Менинг фикримча, сўнгги ўн йилдаги энг муҳим ютуқ — давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларга бўлган ёндашувнинг тубдан ўзгарганидир. Илгари бизнес кўпроқ тартибга солиш объекти сифатида қаралган бўлса, бугун у мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда давлатнинг тўлақонли ҳамкорига айланмоқда. Бу, айниқса, муҳтарам Президентимизнинг тадбиркорлар билан мунтазам очиқ мулоқотлари орқали яққол намоён бўлмоқда. Ушбу учрашувларда нафақат алоҳида масалалар, балки тадбиркорлик соҳасидаги тизимли муаммолар ҳам муҳокама қилинади. Тадбиркорлар томонидан илгари сурилган кўплаб таклифлар кейинчалик фармонлар, қарорлар ва бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларида ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, солиқ тизимининг такомиллаштирилиши, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши, маъмурий тартиб-таомилларнинг қисқартирилиши ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Бу ислоҳотлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини юритиш анча енгиллашди, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги эса маҳаллий ва хорижий сармоядорлар учун сезиларли даражада ошди.
Менимча, энг катта ютуқ фақат қабул қилинган қарорларда эмас, балки ислоҳотларнинг изчил давом этаётганидадир. Иқтисодиёт ривожланмоқда, янги тармоқлар шаклланмоқда, рақобат кучаймоқда. Бу эса маҳсулот сифатига, бошқарув самарадорлигига ва тадбиркорларнинг профессионал салоҳиятига нисбатан янада юқори талабларни қўймоқда. Бугун бизнес муваффақияти самарадорликка, инновацияларга, мижозлар ишончига ва узоқ муддатли қиймат ярата олиш қобилиятига кўпроқ боғлиқ.

Ишонаманки, ислоҳотларнинг изчиллиги, давлат сиёсатининг барқарорлиги ҳамда давлат билан тадбиркорлар ўртасидаги доимий мулоқот келгусида ҳам Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ва ўзгаришлар
Шубҳасиз, Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказаётган учрашувлари давлат ва бизнес ўртасидаги очиқ мулоқотнинг энг самарали механизмларидан бирига айланди. Бу, айниқса, катта сармоя талаб қиладиган ва маъмурий қарорларга бевосита боғлиқ бўлган қурилиш соҳасида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Агар амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсак, аввал девелоперлар кўпинча лойиҳаларни келишиш жараёнларининг узоқ давом этиши, муҳандислик тармоқларига уланишдаги қийинчиликлар, ер участкаларини ажратиш ҳамда айрим маъмурий жараёнларнинг етарлича шаффоф эмаслиги каби муаммоларга дуч келар эди. Бу масалалар тадбиркорлар томонидан мунтазам кўтарилиб, босқичма-босқич амалий ечимини топди.

Бугунги кунда ер участкаларини ажратишнинг очиқ механизмлари такомиллаштирилди, давлат хизматлари изчил рақамлаштирилмоқда, рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда, инвесторларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилмоқда ва ҳалол фаолият юритаётган бизнеснинг ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилмоқда. Бу қурилиш соҳаси учун лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш билан бирга, узоқ муддатли инвестицияларни янада ишонч билан режалаштириш имкониятини ҳам яратмоқда.
Менимча, ушбу учрашувларнинг энг катта натижаси алоҳида қарорларда эмас. Энг муҳими, давлат тадбиркорларни эшитишга тайёрлигини намоён этмоқда, тадбиркорлар эса ўз фикри ва таклифлари мамлакат иқтисодий сиёсатини шакллантиришда инобатга олинаётганини ҳис қилмоқда. Ана шундай доимий мулоқот соҳанинг барқарор ривожланишига хизмат қилади ва инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги бизнес муҳити ва унинг асосий вазифалари
Мен бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланиш осон, деб айтмаган бўлардим, чунки осон бўлганда ҳамма шу иш билан шуғулланишарди. Лекин бир нарсани ишонч билан айтиш мумкинки, бугун имкониятлар аввалгига нисбатан анча кенгайган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятини янада очиқ, шаффоф ва замонавий асосда юритиш учун қулай шароит яратди. Бу, аввало, солиқ тизимини такомиллаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ўзгаришларда ўз ифодасини топмоқда.

Бироқ бизнеснинг табиати шундайки, у ҳеч қачон осон бўлмайди. Ҳар куни қарор қабул қилиш, масъулиятни зиммага олиш, таваккалчиликларни бошқариш ва кучли рақобат шароитида ишлаш талаб этилади. Айниқса, қурилиш соҳасида бу янада муҳим, чунки бу ерда лойиҳалар бир неча йил давомида амалга оширилади ва катта сармоя талаб қилади.
Менингча, бугун тадбиркорлар учун энг муҳими — барқарорлик ва қоидаларнинг аниқ ҳамда узоқ муддатли бўлишидир. Қоидалар ўзгармас ва тушунарли бўлса, бизнес янги инвестициялар киритишга, янги иш ўринлари яратишга ва йирик лойиҳаларни амалга оширишга ишонч билан киришади. Шу билан бирга, муҳандислик инфратузилмасини янада ривожлантириш, узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Деярли барча соҳаларда замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларга эҳтиёж юқори.
Шу билан бирга, менимча, кўп нарса тадбиркорларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Фақат нарх орқали рақобат қилиш даври аста-секин ортда қолмоқда. Бугун сифатга, инновацияларга, хизмат кўрсатиш ва мижозлар ишончига сармоя киритаётган компаниялар муваффақият қозонмоқда. Ана шундай ёндашувгина нафақат компаниянинг, балки жамият ва мамлакат иқтисодиётининг ҳам барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш йўналишлари
Менинг фикримча, сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди ва энди мавжуд қўллаб-қувватлаш механизмларининг самарадорлигини изчил ошириш муҳим.
Юртимиз Президенти тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини кўп бор таъкидлаб келмоқда. Мен бу ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бизнес учун энг муҳими — барқарор қоидалар, очиқ мулоқот ва эртанги кунга ишончдир. Ана шундай муҳитдагина маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар инвестиция киритишга, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ва янги иш ўринлари яратишга тайёр бўлишади.

Менимча, бугун давлат хизматларини янада рақамлаштириш, ҳар хил рухсатномалар ва мувофиқлаштирув жараёнларини соддалаштириш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, тадбиркорларнинг узоқ муддатли молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга янада катта эътибор қаратиш зарур. Бу йўналишлар мамлакатимиз Президенти томонидан ҳам иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омиллари сифатида бир неча бор таъкидланган.
Шу билан бирга, тадбиркорларнинг ўзи ҳам юқори корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиши, замонавий технологияларни кенг қўллаши, маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга ҳамда меҳнат унумдорлигини юксалтиришга доимий сармоя киритиши лозим. Ишонаманки, давлат ва масъулиятли бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва янги тараққиёт босқичига кўтарилиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Қурилиш соҳасидаги янги тенденциялар ва вазифалар
Менинг фикримча, яқин 3–5 йил ичида Ўзбекистон қурилиш соҳасида сифат жиҳатидан янги босқич бошланади. Энди фақат квадрат метрлар қуришнинг ўзи етарли эмас. Асосий мезонлар — сифат, хавфсизлик, энергия самарадорлиги ва аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини яратиш бўлади. Бу ҳақда мамлакатимиз Президенти ҳам бир неча бор таъкидлаганидек, янги турар-жой мажмуалари йўллар, муҳандислик коммуникациялари, мактаблар, боғчалар, яшил ҳудудлар ва жамоат жойлари билан биргаликда комплекс ривожлантирилиши лозим.

Яна бир муҳим йўналиш — соҳани рақамлаштиришдир. Лойиҳалаштиришнинг замонавий рақамли тизимлари, электрон реестрлар, шаффоф тартиб-таомиллар ва самарали бошқарув механизмларининг жорий этилиши қурилиш жараёнларининг самарадорлигини ошириш ва харидорлар ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, соҳа олдида жиддий вазифалар ҳам турибди. Бу, аввало, қурилиш сифатига бўлган талабларни янада ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, биноларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш ҳамда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ. Шунингдек, экологик стандартларга риоя қилиш ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш масалалари ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мен ишонаманки, яқин йилларда замонавий ва қулай шаҳар маконини яратишни мақсад қилган, янги технологияларга, сифатга ва инсонлар ишончига сармоя киритаётган девелоперлар катта муваффақиятга эришади. Бу ёндашув Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий тамойилларига ҳам тўла мос келади.
Live
Барчаси