Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шов-шувли аудиоёзувлари монтаж қилингани айтилди
Жамият
−
21 Ноябрь 2020
14164Ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг аудиоёзувлари бўйича вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати баёнот берди.
Ҳокимлик матбуот хизмати эски аудиолар махсус ишлов берилиб, қасддан тарқатилганини таъкидламоқда.
“Бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан 2 йил муқаддам ёзиб олинган аудиоёзувлар ижтимоий тармоқлардан кўчириб олиниб, ғаразли мақсадда уни маълум қисмини кесиб, “ҳайп” қилиш ниятида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб борилмоқда.
Соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда тарқалган аудиоёзувларни ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида шу маълум бўлдики, аудиоёзувлар “алоҳида мутахассислар” ёрдамида турли хил аудиоёзувлардан кесиб олиб, монтаж қилинган.
Мисол учун: “Андижон вилояти ҳокимининг тадбиркорларга муносабати” номли аудиони (1 дақиқа 6 сониялик) диққат билан эшитсангиз, ушбу аудиоёзувнинг 59-сониясидан то 1 дақиқаю 6 сониясига қадар бўлган қисми бошқа аудиоёзувдаги контекст эканлиги, уни кесиб олинган ҳолда бошқа аудиоёзувга устомонлик билан монтаж қилинганлигини кўришингиз мумкин”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Ҳоким Абдураҳмоновнинг навбатдаги “қаҳрамонлиги” сифатида талқин қилинаётган суратлар эса бундан бир йил аввал олингани маълум қилинди.
“Андижонда раҳбарлар оёқ кийимларни реклама қилишмоқда...ми?” сарлавҳаси остидаги фотолавҳалар ижтимоий тармоқларда гўёки Андижон вилояти ҳокимининг навбатдаги “қаҳрамонлиги” сифатида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аслида Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Олий таълим муассасаларида анъанавий дарслар 16 ноябрдан қайта тикланди. Ушбу фотолавҳа эса, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан 2019 йил 4 сентябрда олинган.
Ушбу аудиоёзувларни кенг оммага тарқатиш ортида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш учун кўзда тутилган жазо чоралари кучайтирилганлигини инобатга олган ҳолда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилмоқда” дейилади расмий муносабатда.
Таъкидлаш керакки, вилоят ҳокимининг тарқалаётган фото ва аудио лавҳалари қачон ёзиб олинганлиги муҳим эмас. Муҳими, ҳокимларда сўкиш ва ҳақорат қилиш ҳуқуқи йўқ, аввал ҳам бўлмаган.
LiveБарчаси