Шойгу КХДРга борди. Бу нимани англатади?
Олам
−
26 Июль 2023
25008Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация Шимолий Корея томонининг таклифига биноан Корея Халқ Демократик Республикасига борди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия ҳарбий делегацияси Корея Халқ Демократик Республикасига етиб келди”, дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлиги Россия делегациясини тантанали кутиб олиш маросимидан лавҳаларни эълон қилган. Трапда Шойгуни КХДР Мудофаа вазири Кан Сун Нам кутиб олган, Россия мадҳияси янграган. Мудофаа бошқармалари бошлиқлари қизил гилам йўлагидан фахрий қоровул сафи олдидан ўтган.
Россия томони корейс халқининг 1950-1953 йиллардаги Корея урушидаги ғалабасининг 70 йиллигига бағишланган байрам тадбирларида иштирок этиши маълум қилинган. Россия Мудофаа вазирлиги ушбу ташриф Россия-Шимолий Корея ҳарбий алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беришини таъкидлаган.
Кўплаб таҳлилчилар Шойгунинг мазкур сафаридан нималар кўзланганини тахмин қилмоқда. Хусусан, сиёсатшунос Сергей Марков Россия армияси уришаётган бир пайтда Мудофаа вазири фронтдан узоққа бориб нималарга эришиши мумкинлигига эътибор қаратган. Унинг айтишича, Россия КХДРда тўпланган улкан снарядлар ва арзон ракеталарнинг бир қисмини олиши, Украинадаги урушда КХДР армиясидан ўн минглаб кўнгиллилар иштирок этиши мумкинлиги, Шимолий Кореядан юз минглаб қурувчилар ҳарбий сапёр операцияларида ва собиқ янги ҳудудларни тиклашда қатнашиши мумкин.
Бунинг эвазига эса Россия КХДРга жуда зарур бўлган озиқ-овқат ва ҳарбий технология бериши, Шимолий Кореяга қарши санкциялардан чиқишга кўмаклашиши мумкин.
Маълумот учун, Корея етакчиси Ким Чен Ин ва унинг синглиси Ким Ё Чжон Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Корея урушидаги ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган байрам тадбирларида қатнашиш учун Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Ли Хунчжонг бошчилигидаги Хитой делегацияси ҳам КХДРга йўл олгани айтилганди.
LiveБарчаси