Шольц Арманистон ва Озарбайжон ўртасига тушди (видео)
Олам
−
17 Февраль
5383Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномаси устида ишлашни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат ахборот агентлиги маълум қилди.
Жорий йилнинг 16-18 февраль кунлари бўлиб ўтаётган Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Никол Пашинян, Олаф Шольц ва Илҳом Алиев ўртасида бир неча соат аввал уч томонлама учрашув бўлиб ўтди.
"Арманистон-Озарбайжон муносабатларини ҳал қилиш жараёни ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қадамлар муҳокама қилинди. Тинчлик шартномаси устида ишлашни давом эттириш бўйича келишувга эришилди", дейилади хабарда.
Пашинян бўлса икки давлат ўртасида кескинликнинг янги босқичи кузатилаётганини билдирган.
“Афсуски, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида сўнгги пайтларда кескинликнинг янада кучайиши кузатилмоқда, бу эса катта йўқотишларга олиб келади. Яқиндагина Озарбайжон билан чегарада арман қўриқчилари ҳалок бўлди. Мен ҳам сиз билан ушбу вазиятни муҳокама қилмоқчиман", деган у.
Германия канцлери Олаф Шольц эса Баку ва Ереван ўртасидаги музокараларни тезроқ якунлаш тарафдори эканини ва уларнинг келишмовчиликларини тинч йўл билан ҳал этиш истагини ҳурмат қилишини айтган.
"Канцлер ҳар икки томоннинг ҳозирги фикрлардаги келишмовчиликларни ҳал қилиш ва муаммоларни фақат тинч йўл билан ва зўравонликсиз ҳал қилиш ҳақидаги бугунги ваъдасини юқори баҳолади", дейилади Германия Вазирлар Маҳкамаси хабарида.
Муҳокама жараёнида суратга олинган видео лавҳаларга кўра, учрашувда икки давлат Ташқи ишлар вазирлари – Арарат Мирзоян ва Жайҳун Байрамов, шунингдек, Ҳикмат Ҳожиев (Алиевнинг ёрдамчиси) ва Виктор Енгибарян (Арманистоннинг Германиядаги элчиси) ҳам иштирок этган.
Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг икки томонлама учрашувида ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирларига тез орада яна учрашиб, тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттириш топширилган.
Шу билан бирга, чегараларни делимитация қилиш бўйича комиссиялар музокараларини давом эттириш бўйича топшириқ берилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 30 август куни Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнини муҳокама қилган эди.