Шоир ва таржимон Йўлдош Эшбекка 3 хонали уй берилди

Жамият

image

Президент топшириғи билан шоир ва таржимон Йўлдош Эшбекка Тошкент шаҳридан 3 хонали уй берилди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

“Президент топшириғи билан ўзбек адабиёти ривожи ва тарғибига катта ҳисса қўшган ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва таржимон, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Йўлдош Эшбекка Яшнобод тумани Иззат кўчасидан уч хонали квартира берилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, хонадон калитини шоирга Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов топширган.

Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг апрелида шоирнинг оғир шароитда яшаётгани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди. Бунинг ортидан хайрия тадбирлари ҳам ўтказилганди. Кейинроқ Президент топшириғи билан шоирга уй берилиши маълум бўлган.

Маълумот учун, Йўлдош Эшбек 1950 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. 1977 йилда Тошкент давлат университетининг Филология факультетини тамомлаган. Шоирнинг илк шеърлари 1978 йилда “Гулистон” журналида эълон қилинган. Илк шеърий тўплами 1981 йилда “Соғиниб яшайман” номи остида нашрдан чиққан. Кейинчалик бирин-кетин 1985 йилда “Юксак дарахтлар”, 1987 йилда “Мовий турналар”, 1988 йилда “Яхшиликка қарайман”, 1989 йил “Дарахтлар эртаги”, 1990 йил “Ҳаёт чечаги”, 1991 йил “Мангу масофа”, 2018 йил “Қизғалдоқлар очилди”, 2019 йил “Йиғлаётган қиз”, 2020 йил “Кўзлари кўзгулигим”, 2021 йил “Ватан недир?” каби шеърий тўпламлари нашр қилинган. СССР даври йилларида ёзилган “Ойгулгинам”, “Қадим оҳанглар” (“Қўш ҳайда”), “Қўшиғинг” (“Биз бахтиёр бўлгаймиз хўп”), “Бойчибор“, “Хабар” (“Алпомиш” достонини ўқиб), “Алпомиш”, “Тоҳир” каби неча ўнлаб шеърлари озодлик, эркинликка бағишланган. Йўлдош Эшбек таржима соҳасида ҳам салмоқли ишлар қилган бўлиб, Имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд”, Аҳмад Лутфий Қозончининг “Ўгай она”, “Ҳазрати Али”, Фотима Темурнинг “Кўнгил дўстлари”, “Тазкират ул-авлиё”, Амина Шенликоғлунинг “Виждон азоби” ҳамда Ўлжас Сулаймоннинг “Сопол китоб” ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1998 йилда шоир „Шуҳрат“ медали билан тақдирланган. 2023 йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 32 йил тўлиши арафасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.


Мақола муаллифи

Теглар

шоир таржимон Йўлдош Эшбек

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг