Шоир Эркин Самандар вафот этди
Маданият-санъат
−
13 Апрель
9941Бугун, 13 апрель куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва давлат арбоби Эркин Самандар вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилояти бўлими хабар берди.
Қайд этилишича, жаноза намози эртага, 14 апрель куни соат 12:00да Урганч шаҳри, Жалолиддин Мангуберди кўчасидаги ижодкор хонадонида ўқилади.
Маълумот учун, Эркин Самандар 1935 йил 22 март куни Хоразм вилоятининг Хива туманида туғилган. Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” студиясининг бош муҳаррири, адабий-драматик эшиттиришлар дастурининг бош муҳаррири, “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасининг муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатган. 1990 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бўлган.
“Аму жилолалари”, “Дунёнинг ёшлиги” , “Осмон тўла нур”, “Вафо деган гавҳар” , “Менинг йигитлик вақтим” , “Қабул соатлари”, “Соҳилдаги болалар”, “Яблоня во дворе” , “Баҳор оқшомлари”, “Шедрост рассвета” , “Севги фасллари” , “Бу боғни қайси боғ дерлар”, “Севги китоби”, “Ва яна баҳор” (Сайёра Самандар билан ҳаммуаллифликда), “Кўнгил ёшлиги” каби шеърий тўпламлари нашр этилган. “Осмоннинг тош тулпори”, “Олтин сандиқ”,“ Қўшиқ излаб”, “Самарқандни ошиқлар қурган” каби достонлар муаллифи.
Эркин Самандар тарихий мавзуда яратилган “Дарёсини йўқотган қирғоқ”, “Тангри қудуғи", “Қудуқ тубидан садолар”, “Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий”, “Султон Жалолиддин” , “Қуюн юзлари ёхуд Огаҳий” , “Ғайб қушлари” каби романлар ҳам ёзган.
Драматург сифатида “Жавоҳир” (мусиқали драма), “Аждодлар қиличи” (тарихий драма), “Жалолиддин Мангуберди” (“Ёт ҳужра”, пьеса), “Башорат” (мусиқали драма), “Арабмуҳаммад” (тарихий драма), “Дилда борим” (мусиқали комедия) каби саҳна асарларини тақдим этган. “Аваз Ўтар”, “Мадраим Шерозий”, “Минг отлилар диёри”, “Огаҳий қўлини олган раис”, “Хива”, “Қум сайли” каби ҳужжатли-публицистик фильмлари, кўплаб эсселари ўзбек адабиёти хазинасига муносиб улуш қўшган.
Эркин Самандарнинг миллий адабиёт ва журналистика ривожи йўлидаги меҳнати инобатга олиниб, у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” (1990) унвони ва “Дўстлик” (2015) ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 февраль куни бухоролик таниқли журналист Бахтиёр Асадов вафот этган эди.
LiveБарчаси