Шодмонов ЖССТ Бош директори билан учрашди
Жамият
−
16 Сентябрь 2019
3032Даниянинг Копенгаген шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий қўмитасининг 69-сессияси ўз ишини бошлади.
Унда ЖССТнинг Европа минтақасидаги 53 та аъзо давлатдан 500 дан зиёд нуфузли вакиллар ва соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этишмоқда. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Сессия давомида “Саломатлик – 2020” дастури доирасида кўплаб ижобий кўрсаткичларга эътибор қаратилиб, шундан келиб чиққан ҳолда 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар: саломатлик борасидаги ҳуқуқлар, умумий соғлиқни сақлаш қамрови, тенглик, аҳолига йўналтирилган тиббиёт тизимлари, фаровонлик йўлида салбий таъсирларга қарши курашиш каби истиқболдаги қатор муҳим вазифалар белгилаб олиниши кўзда тутилган.
Тадбир доирасида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашди. Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда соғиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. ЖССТ Бош директори Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича танланган стратегияси ва тажрибасини юқори баҳолади.
Сессия доирасида Соғлиқни сақлаш вазири Шодмонов Ўзбекистонда “Саломатлик – 2020” дастурини амалга оширишда тўпланган тажрибаларга бағишланган муҳокамаларда иштирок этиши ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, тадбир доирасида Европа минтақасига аъзо давлатлар вакилларининг яширин овоз бериш йўли билан ЖССТнинг Европа минтақавий бюросининг янги директори сайланиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Европа минтақавий бюроси директори аъзо давлатлар томонидан тақдим этилган номзодлар орасидан беш йил муддатга сайланади.
LiveБарчаси