Шоҳжаҳон Эргашев IBF чемпионлик камарига даъвогарлик қилиши мумкин
Спорт
−
03 Октябрь 2022
5623Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида (63,5 кг) мағлубият ва муроса нималигини билмай келаётган Шоҳжаҳон Эргашев навбатдаги жангини ҳам АҚШда ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.
Айни пайтда IBF рейтингида 4-ўринни эгаллаб турган Шоҳжаҳон ушбу камар учун даъвогарлар, яъни элиминатор жангида рингга чиқиши мумкин. Яқин кунларда рақиб номига ойдинлик киритилади.
Эргашевнинг таъкидлашича, “Салита” промоутерлик компанияси ушбу жанг ташкилотчилиги устида ишлаяпти.
“Тез кунларда катта янгилик бўлади. IBF камари ҳозир вакант бўлиб турибди. Навбатдаги жангим элиминатор мақомида бўлиши керак. Промоутер ва менежерларим бу бўйича ишлашяпти”, деган Эргашев.
Қайд этиш керакки, Шоҳжаҳон Эргашев сўнгги жангини АҚШнинг Техас штати Детройт шаҳрида ташкил этилган проф бокс оқшомида мексикалик Анхел Мартинес Эрнандесга қарши ўтказиб, рақибини 5-раундда техник нокаутга учратган эди.
Маълумот учун, Эргашев профессионал фаолияти давомида 23 та жангда рингга чиқиб, барчасида ғалаба қозонган. Шоҳжаҳон 20 та жангда рақибларини нокаутга учратган.