Шимолий кореялик аскар Жанубий Кореяга қочиб ўтди
Олам
−
20 Август
16703Шимолий Корея аскари мамлакат шарқидаги чегара орқали Жанубий Кореяга қочиб ўтди. Бу ҳақда “Тhе Korea Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, КХДР аскари 20 августга ўтар кечаси мамлакатлараро чегаранинг энг шарқий чеккасида жойлашган Гангвон провинциясидаги Госон округи ҳудудида, 22- операцион зонада чегарани кесиб ўтган.
"Бугун тонг саҳарда бир Шимолий Корея аскари чегарани кесиб ўтди ва жанубга ўтиш ниятини билдирди", дейди ҳарбийлар.
Эркак чегара чизиғини кесиб ўтиб, жанубга қараб ҳаракатлана бошлаганида, у кузатилган ва хавфсиз тарзда ҳибсга олинган. Ҳарбийлар Шимолий Корея фуқаросини тегишли идораларга топширди, ҳозирда унинг қочиб келиш тафсилотлари ўрганилмоқда.
Маълумот учун, 8 август куни Шимолий Корея фуқароси Хан дарёсининг бўйида нейтрал ҳудуд орқали дарёдан сузиб Жанубий Кореяга ўтган эди. Бирлашиш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Шимолий Кореянинг 196 нафар фуқароси Жанубий Кореяга қочиб ўтган. 2024 йил июнь ойи охиридаги маълумотларга кўра, жанубга қочганлар сони 105 нафарни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида америкалик аскар Трэвис Кинг Жанубий Кореядан ўзбошимчалик билан демаркация чизиғини кесиб ўтган ва КХДРда ҳибсга олинганди. Буни АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади. 16 август куни эса Корея марказий ахборот агентлиги Трэвис Кинг КХДР ёки бошқа бир учинчи давлатдан бошпана сўраш ниятида эканини ёзди. Кейинчалик Шимолий Корея аскарни АҚШ расмийларига топширди.
LiveБарчаси