Шимолий Кореяга қочган америкалик аскарнинг тақдири нима бўлди?
Олам
−
28 Сентябрь 2023
13278Шимолий Корея чегарасини кесиб ўтган америкалик аскар Трэвис Кингни АҚШ расмийларига топширди. Бу ҳақда АҚШ расмийларига таяниб “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллернинг айтишича, АҚШнинг Пхеньяндаги манфаатларини ифодаловчи Швеция элчихонаси ходимлари Трэвис Кингни Хитойнинг Шимолий Корея билан чегарадаги Дандонг шаҳрига олиб кетган. У ерда аскарни АҚШнинг Хитойдаги элчиси Николас Бернс кутиб олган.
Даньдун шаҳридан Хитойнинг Шэньян шаҳри орқали ҳарбий хизматчи Жанубий Кореядаги Американинг Осан ҳаво базасига учиб кетган.
Трэвис Кинг КХДРдан бошпана олмоқчилиги ҳақидаги баёнотларга қарамай, Пхеньян унинг “илтимоси”ни қабул қилмаган.
“КХДРнинг тегишли органи республика қонунчилигига мувофиқ, мамлакат ҳудудига ноқонуний кирган америкалик аскар Трэвис Кингни депортация қилишга қарор қилди”, дейилади Шимолий Корея расмийлари баёнотида.
Маълумот учун, Трэвис Кинг америкалик ҳарбий разведка зобити бўлиб, у 2021 йил январидан бери армия сафида хизмат қилган ва бўлинмалар ротацияси доирасида Жанубий Кореяда жойлашган. Чегарани кесиб ўтишдан олдин Кинг Жанубий Кореяда ҳужум қилишда айбланиб, икки ойлик қамоқ жазосини ўтаган. Кингнинг оиласи АҚШ ОАВларига у армиядаги ирқчилик ҳақида гапирганини айтган. Шунингдек, унинг руҳий саломатлиги Жанубий Корея қамоқхонасида бўлганидан кейин ёмонлашгани айтилган. Трэвис Кинг 10 июль куни қамоқдан озод қилинган ва интизомий жавобгарликка тортиш учун АҚШга қайтиб кетиши керак эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Трэвис Кинг Жанубий Кореядан ўзбошимчалик билан демаркация чизиғини кесиб ўтган ва КХДРда ҳибсга олинганди. Буни АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади. 16 август куни эса Корея марказий ахборот агентлиги Трэвис Кинг КХДР ёки бошқа бир учинчи давлатдан бошпана сўраш ниятида эканини ёзган.
LiveБарчаси