Америкалик аскар Шимолий Кореяга қочди. У бошпана сўрамоқчи
Олам
−
16 Август 2023
13866Жорий йилнинг июль ойида америкалик ҳарбий хизматчи Трэвис Кинг Жанубий Кореядан ўзбошимчалик билан демаркация чизиғини кесиб ўтди ва КХДРда ҳибсга олинди. Буни АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади. Бугун, 16 август куни эса Корея марказий ахборот агентлиги Трэвис Кинг КХДР ёки бошқа бир учинчи давлатдан бошпана сўраш ниятида эканини ёзди.
Айтилишича, тегишли хизматлар томонидан ўтказилган дастлабки тергов натижаларига кўра, Тревис Кинг АҚШ қўшинларида ғайриинсоний таҳқирлаш, ирқий камситишларга қарши антипатия борлигини ва КХДРга боришга қарор қилганини тан олган.
Агентлик америкалик аскар "адолатсиз Америка жамияти”дан ҳафсаласи пир бўлганини ва КХДР ёки учинчи давлатдан бошпана сўрашга тайёрлигини билдирганини ёзган.
Қайд этилишича, КХДРга ноқонуний кирганини тан олган Кинг иши бўйича тергов давом этмоқда.
АҚШ Мудофаа вазирлиги эса Кинг Шимолий Корея ёки бошқа давлатдан бошпана сўрашга тайёрлиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини маълум қилган.
“АҚШ Мудофаа вазирлиги бу даъволарни тасдиқлай олмайди. Бизнинг эътиборимиз унинг хавфсиз қайтишига қаратилган. Вазирлик учун Трэвис Кингни уйига қайтариш устувор вазифадир ва биз бунга эришиш учун барча мумкин бўлган каналлардан фойдаланамиз", дейди Пентагон вакили.
LiveБарчаси