Шимолий Корея ТИВ раҳбари Москвага борди
Олам
−
15 Январь
5353Кеча, 14 январь куни Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Цой Сон Хи бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Москвага етиб борди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Аэропортда делегацияни Россия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, КХДРнинг Москвадаги элчиси ва республиканинг бошқа дипломатлари кутиб олди.
Россия ТИВнинг маълум қилишича, Цой Сон Хи россиялик мавқедоши Сергей Лавровнинг таклифига биноан 15-17 январь кунлари расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлади.
Қайд этиш жоизки, ўтган йилнинг октябрида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Пхеньянга борганди. Ташриф икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 75 йиллигини нишонлашга мўлжалланган. Лавровни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қабул қилган.
2023 йил сентябрида Ким Чен Ин Россияга бориб, “Восточный” космодромида Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Бош прокурори Андрей Костин Россия қўшинлари 2 январь куни Харьковни ўққа тутишда Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталардан фойдаланганини даъво қилганди. АҚШ Давлат департаменти эса Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Шимолий Кореядан баллистик ракеталарни Россия армиясига ўтказиш билан шуғулланган учта ташкилот ва бир шахсга қарши санкциялар эълон қилди. Шунингдек, 50 га яқин давлатдан иборат гуруҳ Шимолий Кореянинг Россияга ракеталарини етказиб бериш ва улардан Украинага қарши фойдаланишини қоралаб чиққанди.
LiveБарчаси