50 га яқин давлат Шимолий Кореянинг Россияга қурол сотишини қоралади

Олам

image

50 га яқин давлатдан иборат гуруҳ Шимолий Кореянинг Россияга ракеталарини етказиб бериш ва улардан Украинага қарши фойдаланишни қоралади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди. 

“Биз КХДРнинг баллистик ракеталарини экспорт қилиши ва Россия томонидан сотиб олинишини, шунингдек, Россиянинг 2023 йил 30 декабрь ва 2024 йил 2 январь кунлари ушбу ракеталарни Украинага қарши қўллаганини кескин қоралаймиз”, дейилади АҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ҳужжатга Германия ва деярли барча Европа давлатлари, шунингдек, Канада, Исроил, Австралия, Япония ва Жанубий Корея қўшилган.

Давлатлар қурол сотиб олишни танқид қилиб, бу Россиянинг ўзи қўллаб-қувватлаган БМТнинг бир қанча резолюцияларига зид эканини айтиб келади. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо барча давлатларни Москва ва Пхеньян томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни қоралашга чақирган.

Шунингдек, баёнотда Россиянинг Шимолий Корея қуролларидан фойдаланиши Европа, Корея яримороли, Тинч океани минтақаси ва бутун дунёдаги хавфсизлик ҳолатига таъсир қилиши таъкидланган.

“Ушбу қуролларнинг узатилиши Украина халқининг азобига азоб қўшади, Россиянинг босқинчилик урушини қўллаб-қувватлайди ва ядровий қуролларни тарқатмаслик бўйича халқаро режимга путур етказади”, дейилади ҳужжатда.

Рождество байрамидан сўнг Россия Киев, Харков ва Украинанинг бошқа шаҳарларига барча турдаги ракеталар ва ҳужумчи дронлардан фойдаланган ҳолда ҳужумларнинг энг йирик тўлқинларини амалга оширди. 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 29 декабрдан бери Россия қўшинлари Украина ҳудудига 300 га яқин ракета отган ҳамда 200 дан ортиқ учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Шимолий Корея қурол сотиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг