АҚШ Шимолий Корея ракеталарини Россияга олиб ўтганларни жазолади
Олам
−
12 Январь
14212АҚШ Давлат департаменти Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Шимолий Кореядан баллистик ракеталарни Россия армиясига ўтказиш билан шуғулланган уч рус ташкилоти ва бир шахсга қарши санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти пресс-релизида келтирилган.
Маълумотларга кўра, чекловларга давлат авиакомпаниясининг "224-рейс отряди" акциядорлик компанияси ва унинг бош директори Владимир Михейчик, шунингдек, Астрахан вилоятидаги Владимировка ва Ашулук ракета полигонлари киради.
Ҳужжатда қайд этилганидек, санкциялар 2023 йил ноябрь ва декабрь ойларида КХДРдан баллистик ракеталар ва тегишли юкларни ташиш билан шуғулланган Россиянинг тўртта Il-76 ва An-124 транспорт самолётларига ҳам тегишли.
“Шимолий Корея ракеталарининг узатилиши Россия ҳарбий агрессиясини қўллаб-қувватлайди, Украина халқининг азобини оширади ва ядровий қуролларни тарқатмасликнинг глобал режимига путур етказади”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
Блинкеннинг айтишича, Қўшма Штатлар ушбу қуроллар эвазига Россиянинг КХДРга кўрсатилаётган ҳар қандай ёрдамини диққат билан кузатишда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Рождество байрамидан сўнг Россия Киев, Харьков ва Украинанинг бошқа шаҳарларига барча турдаги ракеталар ва ҳужумчи дронлардан фойдаланган ҳолда ҳужумларнинг энг йирик тўлқинларини амалга оширди. 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 29 декабрдан бери Россия қўшинлари Украина ҳудудига 300 га яқин ракета отган ҳамда 200 дан ортиқ учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилган.
Шунингдек, 50 га яқин давлатдан иборат гуруҳ Шимолий Кореянинг Россияга ракеталарини етказиб бериш ва улардан Украинага қарши фойдаланишини қоралаб чиққанди.
LiveБарчаси