Шимолий Корея фазодаги “жосус”ларини кўпайтирмоқчи
Олам
−
09 Декабрь 2023
5839Шимолий Корея яқин орада Ер орбитасига яна кўплаб жосуслик аппаратларини учириш ниятида. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Унга кўра, Шимолий Корея мамлакатнинг биринчи сунъий йўлдоши учирилганини "кўролмаган" АҚШ, Жанубий Корея ва Япония танқидларига муносиб жавоб бермоқчи.
“Космос тўғрисидаги шартномага кўра, коинотнинг чексиз кенгликларида бошқаларнинг ҳуқуқларини чекловчи ва тортиб оладиган Америкача йиртқичлик қонуни йўқлиги аён. Ҳеч бир давлат бошқа давлатларнинг босими туфайли ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан воз кечмайди”, деб ёзган нашр.
Шимолий Корея қўшимча сунъий йўлдошларини учиришининг сабаби сифатида Корея яримороли ва Тинч океанида "душманлари"нинг ҳийла-найрангларини вақтида аниқлаш, ўзига қарши ҳарбий ҳаракатлар тўғрисида маълумот тўплаш ва мониторинг қилиш эканлигини келтирган.
“Бизнинг разведка сунъий йўлдошларимиз космик қўриқчиларга айланади, улар реал вақт режимида душман кучларининг КХДРга қарши ҳарбий ҳаракатлари ҳақида кўплаб қимматли маълумотларни тўплайди”, дея қўшимча қилган Корея марказий агентлиги.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шимолий Кореяда бортида айғоқчи сунъий йўлдоши бўлган баллистик ракета учирилганди. Шундан сўнг, муваффақиятли учирилган Ким Чен Иннинг биринчи жосуслик аппарати “душман" ҳудудига оид илк расмларни жўнатгани айтилди.
Бундан ташқари, Шимолий Корея АҚШ томонидан Ер орбитасидаги биринчи жосуслик сунъий йўлдошини зарарсизлантиришга уриниш бўлса, буни уруш эълон қилиниши деб тушуниши ва дарҳол ракеталар билан жавоб қайтаришини эълон қилди.
LiveБарчаси