Шимолий Корея денгиз томон баллистик ракета учирди

Олам

image

Кеча, 11 август куни Шимолий Корея АҚШ ва Жанубий Кореянинг йирик қўшма ҳарбий машғулотлари бошланишига бир неча кун қолганида Корея яриморолининг шарқий соҳили яқинидаги денгиз томон баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ва Япония мудофаа идоралари хабар қилди.

Қайд этилишича, ракета қарийб 700 километр масофани босиб ўтган ва Япониянинг махсус иқтисодий зонасидан ташқаридаги денгизга тушган. Япония Мудофаа вазирлиги ракета максимал 90 километр баландликка кўтарилганини маълум қилди.

Жанубий Корея Миллий хавфсизлик бошқармаси ракета учирилиши ортидан фавқулодда йиғилиш ўтказган. Сеул Пхеньянни БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузувчи провокацияларни тўхтатишга чақирган.

Жанубий Корея ҳарбийлари АҚШ билан қўшма мудофаа тизими доирасида ҳар қандай провокацияга “ҳаддан ташқари куч билан” жавоб беришга тайёрлигини билдирган.

Япония ҳам ракета учирилишини кескин қоралаган. Япония Мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми Токио Пекиндаги элчихонаси орқали Шимолий Кореяга дипломатик каналлар орқали кучли норозилик билдирганини айтган.

Жанубий Корея Қўшма штаб бошлиқлари қўмитасига кўра, ракета Шимолий Кореянинг шарқий соҳилидаги Вонсан ҳудудидан маҳаллий вақт билан тахминан соат 06:00 да учирилган.

Ракета синови Сеул ва Вашингтон 17–27 август кунлари йирик қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишни режалаштираётган бир пайтга тўғри келган. Машғулотлар Шимолий Кореянинг ядровий ва қурол-яроғ имкониятларига қарши ҳаракат қилишга қаратилган.

Пхеньян АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма ҳарбий машғулотларини аввалдан кескин қоралаб келади. Шимолий Корея ҳозирча ракета учирилиши юзасидан расмий изоҳ бермаган. Шунингдек, Шимолий Корея жорий йилда қисқа масофали баллистик ракеталар, артиллерия ракеталари ва бошқа тактик қуролларни бир неча бор синовдан ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, аввалоқ Украина Президенти Владимир Зеленский эса Россиянинг 11 август куни Запорожье шаҳрига қилган ҳужумида Шимолий Корея баллистик ракетасидан фойдаланилганини айтганди. Унинг маълум қилишича, ҳужумда 7 нафар ишчи ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг