КХДР яна Япон денгизи томон баллистик ракета учирди
World
−
11:35 239 1 minute
Бугун, 3 октябрь куни Шимолий Корея Япон денгизи томон баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб, “Yonhap” хабар берди.
Ракета учирилиши маҳаллий вақт билан соат 6:30 атрофида Вонсан ҳудудидан қайд этилган. Ракета 700 километрдан ортиқ масофани учиб ўтиб, денгизга тушган. Унинг тури ва техник хусусиятлари Жанубий Корея ҳарбийлари томонидан Америка томони билан ҳамкорликда таҳлил қилинмоқда.
Нашрнинг ҳукуматдаги манбасига кўра, бу қисқартирилган масофага учирилган ўртача масофали ракета бўлиши мумкин. Ушбу тахминнинг расмий тасдиғи ҳозирча мавжуд эмас. Ракета учирилиши жорий йилнинг 21 сентябрь куни демилитаризация қилинган зонада миналар портлаши ортидан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтда юз берган. Ўшанда уч нафар жанубий кореялик ҳарбий хизматчи жароҳат олган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.
Сеул ҳодиса учун масъулиятни Пхеньян зиммасига юклаган ва кечирим сўрашни талаб қилган. КХДР айбловларни рад этди ва жавоб чоралари билан таҳдид қилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдинги ракета учирилиши 20 сентябрь куни содир бўлган эди: ўшанда Шимолий Корея Вонсан ҳудудидан кичик масофали иккита баллистик ракета учирган эди.
Live
All