Тошкентда 2 мингта байроқ ўғрилаб кетилди, ҳокимлик 15 минг доллар зарар кўрди
Жамият
−
04 Сентябрь 2019
11318Анъанага кўра, Ўзбекистонда байрам кунлари арафасида шаҳарларнинг марказий кўчалари ободонлаштирилиб, байроқ, гуллар тасвири акс этган ранг-баранг чироқлар ўрнатилади. Бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида ҳам бу анъана давом этди. Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигига анча қимматга тушди.
Мустақиллик кунидан сўнг Тошкент кўчаларига ўрнатилган байроқлардан икки мингдан ортиғи йўқолган.
Бундан бир неча кун аввал, айнан 31 август куни айрим шахслар пойтахт йўлларидаги симёғочларга ўрнатилган байроқларни ечиб олаётгани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган эди.
Кўпчилик фойдаланувчилар бундай “ватанпарварлик” ҳақида салбий фикрларни билдиришди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилининг сўзларига қараганда, 1 сентябрдан 2 сентябрга ўтар кеча симёғочлардаги байроқлар йиғиб олинган ва санаб чиқилган. Шу вақт улардан 2 мингдан ортиғи йўқолгани маълум бўлган.
Ҳокимият маълумотига кўра, байрам олдидан Тошкент кўчаларида жами 6852 дона давлат байроқ ўрнатилган бўлиб, улардан 2037 донаси йўқолган. Қайд этилишича, ҳар бир байроқнинг нархи 70 минг сўмни ташкил қилади.