Тошкентда ўзбекистонлик ёшлар советпарастлар ҳужумига учради (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон байроғи билан чиқиш қилаётган бир гуруҳ ёшлар Тошкент шаҳрида советпарастлар ҳужумига учрагани акс этган видео тарқалди.

Унда “Ўлмас полк” билан “9 май – Хотира ва қадрлаш куни”ни нишонламоқчи бўлганлар қаторида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” деб куйлаётган ёшларнинг чиқишлари айрим руспараст қатламга ёқмаган.

Улар буни ўз тадбирларини бузишга уриниш сифатида баҳолаб, бу чиқишни USAID томонидан молиялаштирилган, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодировнинг топшириғи асосида ташкил этилган деб иддао қилган.

Тилшунос олим Элдор Асановга кўра, “Ўлмас полк” чет давлатнинг сиёсий таъсирини кучайтиришга хизмат қилаётган тадбир экан, бунга қарши чора кўриш керак.

“Аслида сананинг номи “Хотира ва қадрлаш куни” деб ўзгартирилиши уни ўзлаштириш, миллийлаштириш сари бир қадам эди. Ўша санада мана бундай можаролар келиб чиқмаслиги учун балки санани нишонлашни ҳам тартибга келтириб қўйиш керакдир. Фақат Ўзбекистон байроқлари билан фақат маълум нуқталарда нишонлаш, қабристонларни зиёрат қилиш каби.

Майли, энди сиёсий қарашлар ҳар хил бўлиши мумкин: кимдир коммунист, кимдир Россияни яхши кўради, бу нормал. Кимлардир ғалабаниям нишонлаши мумкин майли, бу нарсаларни тақиқлаш тўғримасдир. Лекин Россия пропагандаси бу мияларни шу қадар обдан ювганки, уларнинг қарашлари салкам диний ишончга айланиб қолган: фақат ўзининг қараши ягона ҳақ, мавжуд бўлиши мумкин бўлган қараш, фақат уларнинг ҳаракатлари тўғри, баҳсга ўрин йўқ; кимдир қўшилмаса, уни Алишер Қодиров USAIDʼга қўшилиб сотволган, уларни қамаш керак, йўқ қилиш керак (боболарининг ўлигини миннат қилиш ҳам қўшилади аргумент сифатида). Шу қадар зомбилашган, ноадекват, агрессив қатлам.

Ёшлар чиқиб, “Хотира ва қадрлаш куни”ни Ўзбекистон байроқлари билан нишонлаганидан бунчалик норози бўлиш учун ё Ўзбекистондан нафратланиш, бу давлатни тан олмаслик керак, ё рус пропагандасининг зомбиси бўлиш керак”, дея ёзган у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистонда СССР байроқларини кўтариб чиқиш – амалдаги конституциявий тузумимизга зид бўлган, ёт коммунистик ғояларни ёқлаш сифатида қабул қилиниши лозимлиги борасидаги таклифни илгари сурганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Ўзбекистон байроғи USAID советпарастлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг