Коронавирусга чалинганлар 100 мингдан ошди. У АҚШнинг биологик қуролими?
Таҳлил
−
06 Март 2020
33904Коронавирус бутун дунёда энг долзарб муаммо бўлиб турибди. Бутун жаҳон мамлакатларига сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий соҳаларда катта зарба бераётган вирус кўплаб баҳс-мунозаралар ва миш-мишларга сабаб бўлмоқда. Сиёсатчилардан тортиб оддий одамларгача бу вирус қандай келиб чиқани бўйича ўз тахминларини айтмоқда. Кимдир буни кимё комбинатидаги бахтсиз ҳодиса деса, яна кимдир вирус келиб чиқишини хитойликларнинг яшаш тарзига боғлайди. Ушбу вирусни АҚШнинг биологик қуроли сифатида ҳам талқин қилаётганлар бор. Тилга олинган сўнгги тахминни қўллаб-қувватлаётганлар эса оз эмас.
Биламизки, сиёсатда “дўст” ва “душман” деган тушунчалар йўқ. Сиёсатда фақат манфаатлар бор. Давлатлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ўз ички ва ташқи сиёсатини олиб боради. Авваллари мамлакатлар ўз манфаатига эришиш йўлида ҳарбий кучдан фойдаланган. Ҳозир ҳаммаси ўзгача. Мақсадга эришиш учун катта ахборот хуружи ёки коронавирусга ўхшаш биологик қурол бўлса бас.
КОРОНАВИРУС БИОЛОГИК ҚУРОЛМИ?
Ҳа, шундай бўлиши мумкин. Иқтисодий душман мамлакатнинг “белини” синдириш, бунинг устига яна ўша мамлакатга вакцина сотиш орқали мўмай даромад топиш кимга ҳам ёқмайди дейсиз.
Ҳозир дунёдаги АҚШ билан боғлиқ ҳолатлар жуда қизиқ тарзда кечмоқда. Сурияда фақатгина Туркия ва Россия қолди. Эрон билан эҳтимолий уруш тўхтатилди. Ҳозирда янги ядро шартномаси тузиш бўйича ишлар кетмоқда. 29 февральда эса АҚШ “Толибон” билан тинчлик шартномасини имзолади. Ҳамма жой тинчигандек гўё. Лекин АҚШ бошқа фронт очмаганини ҳеч ким аниқ айтолмайди. Ҳозирги кунда Хитой АҚШнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий энг йирик рақиби. 2000-йиллар давомида дунё бозорини АҚШдан очиқчасига тортиб олган давлат ҳам айнан Хитой. АҚШ табиийки бошқа давлат соясида қолишни ҳоҳламайди. Коронавирус эса унинг юзига тушаётган сояни даф қилишга ёрдам бериши мумкин.
Ушбу вируснинг АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши даврида юзага чиққани баъзи тахминларимизни оқлагандек гўё. Келинг, бундай мулоҳазамизни давом эттиришдан олдин яқин тарихга мурожаат қилсак.
АҚШНИНГ БИОЛОГИК “ЎЙИНЧОҚЛАРИ”
2003 йил Хитой дунёдаги долларнинг энг катта захирасига эга эканлигини эълон қилди. Кўп ўтмай, Хитойда SARS вируси пайдо бўлди. Шундан сўнг, Хитой ўзининг улкан валюта манбаларини вакцина сотиб олишга сарфлади. 2005 йил Миср парранда гўшти, хусусан товуқ маҳсулотлари билан ўзини ўзи тўлиқ таъминлашни эълон қилди. Бунгача у АҚШ ва Франциядан ушбу маҳсулотларни доимий импорт қилар эди. Шундан сўнг, 2006 йил февраль ойида Мисрда парранда гриппи (H5N1) аниқланди. Қисқа вақт ичида мамлакатдаги энг катта товуқ фермалари ёпилди, миллионлаб паррандалар йўқ қилинди. Товуқ маҳсулотлари экспорти кескин камайди. Мамлакат иқтисодиёти жиддий зарар кўрди.
Коронавирус сабаб нефть нархи ҳам тушиб бормоқда. Айни жараён АҚШ учун айни муддао. Биламизки, АҚШ катта нефть захирасига эга бўлишига қарамай, ушбу маҳсулотни катта ҳажмда импорт қилади. Шундай экан нефть қанчалик арзон бўлса, АҚШ шунча мамнун. Ҳозирда коронавирус сабаб Хитойнинг нефтга бўлган эҳтиёжи 3 миллион баррелга ёки умумий эҳтиёжнинг 20% га қисқаришига олиб келди. Россия ва Венесуэла каби Хитойга катта ҳажмда нефть экспорт қилувчи давлатлар эса ноилож нефть нархини туширади. Бу коронавирусдек чегара билмас ўқ билан уч “қуён” урилди дегани.
Февраль ойи бошларида Суриянинг "Ас-Саура" газетаси ўз мақоласида Қўшма Штатлар коронавирус эпидемиясини "Хитойнинг иқтисодиётига зарба бериш учун" киритгани ҳақида таъкидлаб ўтди.
“Эбола, Зика, SARS, парранда гриппи, чўчқа гриппи ва коронавирус каби касалликларнинг барчаси АҚШ томонидан лабораторияларда яратилиб, бошқа мамлакатларга таҳдид солиш мақсадида тарқатилди. Америка биологик урушнинг бу турини биринчилардан бўлиб бошлади ва дунё миқёсидаги ўйин қонунларини ўз фойдасига ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда”, дейилади ушбу газетадаги мақолада.
НЕГА АЙНАН УХАНЬ?
Мисрнинг “Veto Gate” портлани юқоридаги фикрга қўшилган ҳолда бу вирус нега айнан Ухань шаҳридан тарқалганини изоҳлади.
“Ухань – бугунги кунда коронавирус ўчоғи сифатида танилган шаҳар. У Хитойнинг энг бой саккизинчи шаҳри ҳисобланади. Уханнинг Хитой йирик шаҳарлари рўйхатидаги мавқеи уни американча “ўйин” учун қулай жойга айлантиради. Шубҳасиз бу шаҳарга Пекин, Шанхай, Гуанчжоу сингари алоҳида эътибор берилмайди. Шунингдек, ушбу шаҳарда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси Хитойнинг бошқа йирик ва муҳим шаҳарларига қараганда анча паст”, деб ёзади портал ўз мақоласида.
ТРАМПГА КОРОНАВИРУС КЕРАК
Хитойда жамоатчилик янги вирус сабаб ўз ҳукуматига нисбатан ишончни ёқотиши мумкин. Лекин бу вирус АҚШ Президенти Дональд Трампга катта ёрдам беради. 2020 йилги президентлик сайловлари вақтида бу вирус сабаб оммавий тўпланишлар тақиқланиши мумкин. Бу эса амалдаги президентнинг рақиблари ўз сайлов компанияларини кўнгилдагидек ўтказишларига йўл қўймайди. Бундай пайтда Трамп сиёсий пиарни осонгина амалга ошириб, ўз репутациясини кўтариб олиши мумкин. Бунинг учун у вирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича қарорга имзо чекса бас.
Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 10 мингдан ошди. Ушбу касалликдан 3405 киши вафот этди. 55570 бемор эса шифо топган. Беморларнинг 6 272 нафари ёки 16 фоизи оғир аҳволда деб баҳоланмоқда.
Коронавирус энг кўп тарқалган давлатлар: Хитой (80559 бемор – 3042 нафар вафот этган), Жанубий Корея (6593 – 42), Италия (3858 – 351), Эрон (3513 – 108), Япония (1000 – 29), Германия (534 – 0), Франсия (423 – 23), Испания (248 – 7), АҚШ (233 – 14), Сингапур (117 – 0), Гонконг (105 – 2).