Президент янги қарорни имзолади
Жамият
−
09 Июль 2019
10685Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 июль куни “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Мазкур қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимиз тамал тошини қўйган математика фани илм-фан ва техниканинг замонавий тармоқлари жадал ривожланиши муносабати билан ҳозирги кунда янада катта аҳамият касб этмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, биология, рақамли иқтисодиёт соҳасида ва бошқа кўплаб соҳаларда унинг роли айниқса ортди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти (кейинги ўринларда – Институт) ўз фаолияти даврида математика фанини ривожлантиришга, республика учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга сезиларли ҳисса қўшди ва математик тадқиқотларнинг жаҳон даражасида эътироф этилган марказларидан бирига айланди.
Институтда функционал анализ, дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва алгебра бўйича илмий мактаблар шаклланди ва муваффақиятли ривожланмоқда. Ходимларнинг илмий тадқиқотлари беш марта Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди, 12 нафар таниқли олим Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига ва нуфузли Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS)га сайланган.
Бонн, Кембриж, Париж, Сеул, Сантьяго де Компастела университетлари ва бошқа илмий марказларнинг олимлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Институтда давлат университетлари, мактаблар ва академик лицейларда маърузалар ўқиш ва махсус курслар ўтиш, шунингдек, магистрлик диссертацияларига раҳбарлик қилиш амалиёти кенг жорий этилган. Бугунги кунда илмий ходимларнинг ўртача ёши 47 ёшни, илмий даражали илмий ходимлар улуши эса 87,0 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, ҳар томонлама таҳлиллар бир қанча тизимли вазифаларни аниқлади. Уларнинг амалга оширилиши Институтнинг илмий лойиҳаларни хатловдан ўтказиш, мавжуд илмий салоҳиятдан юқори даражада фойдаланиш ва уни ривожлантиришга доир фаолиятини тубдан такомиллаштиришни, тадқиқотларни жорий этиш самарадорлигининг амалий индикаторлари ва мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилишини Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан янада аниқ мувофиқлаштиришни, шунингдек, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини талаб этади.
Математика таълими ва фанларини янада ривожлантириш, фундаментал, қидирув ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, олий таълимдан кейинги таълим институтларининг фаолияти ва илмий кадрлар тайёрлаш самарадорлигини таъминлаш, илм-фан, иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг етакчи илмий марказлари ва университетлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:
1. Институт жамоасининг математика фанини ривожлантиришга, илм-фан ва таълимнинг интеграциясини мустаҳкамлашга, юқори малакали кадрлар тайёрлашга ва Ватанимиз математика мактабларининг ютуқларини тарғиб қилишга йўналтирилган фаолияти қўллаб-қувватлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Математика фанини ривожлантириш ва Институт фаолиятини такомиллаштиришнинг қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширишни назарда тутувчи мақсадли дастурини (кейинги ўринларда – Мақсадли дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
• илм-фаннинг турдош соҳаларида ва иқтисодиёт тармоқларида илмий натижалардан фойдаланиш, шунингдек, Институтнинг муайян илмий йўналишларини фундаментал изланишлардан амалий изланишларга қайта йўналтириш дастурларини ишлаб чиқиш;
• 2020-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун математика бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш;
• илмий натижалар кенг муҳокама қилинишини ва замонавий илм-фан ютуқлари оммалаштирилишини ташкил этиш. Институт ишланмаларининг доимий равишда янгиланадиган электрон маълумотлар базасини яратиш;
• илмий-тадқиқот фаолиятининг таълим жараёни билан алоқаларини мустаҳкамлаш. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва Институт ходимларининг тажриба start-up лойиҳалари амалга оширилишига кўмаклашиш;
• Математика соҳасида жаҳон илмий марказлари, шу жумладан, МДҲ, Европа, Америка ва Осиё мамлакатларининг етакчи университетлари билан ҳамкорликда тадқиқотлар ташкил этиш;
• ноширлик фаолиятини яхшилаш ва материаллар эълон қилишда фаолликни ошириш. Инглиз тилидаги “Ўзбекистон математика журнали” илмий нашри фаолиятини такомиллаштириш;
• молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, харажатларни мақбуллаштириш ва Институтнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш. Инфратузилмани модернизация қилиш. Ходимлар учун иш шароитларини яхшилаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш. Ҳар йилги “Илм-фан етакчиси” республика танловини ўтказиш.
Мақсадли дастур тўлиқ бажарилишини таъминлаш, Институт фаолияти самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш юзасидан мувофиқлаштирилган ва олдини олувчи чора-тадбирлар кўрилиши учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашевга ва вице-президентларга шахсий масъулият юклансин.
3. 2020-2024 йилларда Институтнинг илмий-тадқиқот ишлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Институтнинг илмий йўналишларига мувофиқ ҳар йили Институт илмий-тадқиқот ишлари календарь дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Институт дарсликлар, ўқув ва кўргазмали қўлланмалар, шу жумладан, электрон дарсликлар, ўқув ва кўргазмали қуролларни Институтнинг эксперт хулосасидан кейин эълон қилиш, таълим муассасаларида математика фанларини ўқитиш, математика олимпиадаларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш юзасидан бир ой муддатда таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини бошқариш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида бир ой муддатда:
• Мақсадли индикаторлар асосида Фанлар академияси тизимига кирадиган илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий бўлинмалари ва ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин;
• Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тартибини белгилаш бўйича асосланган таклифлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Институтнинг 2021 йилгача мақсадли кўрсаткичларини (индикаторларини) (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Белгилансинки, 2020 йилдан бошлаб илмий лабораториялар ва илмий ходимларнинг фаолияти рейтинг тизими асосида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Раёсатининг қарори бўйича ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан баҳоланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Институт илмий ходимларининг 4-иловага мувофиқ етакчи хорижий илмий марказларда малака оширишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари Институт илмий ходимларининг малака оширишини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган олий таълимдан кейинги таълимда стажёр-тадқиқотчилар институтини (кейинги ўринларда – стажёр-тадқиқотчилар институти) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Институтга олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқиш учун ажратиладиган қабул квотасининг ярмидан кам бўлмаган миқдордаги қабул квотаси стажёр-тадқиқотчилар институти учун ажратилишини таъминласин.
9. Институт тузилмасига:
• ўтказиладиган илмий тадқиқотлар самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, илмий кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини таълим жараёни билан интеграциялаштиришни таъминлаш учун масъул бўлган Институт илмий раҳбари – директорнинг илм-фан бўйича ўринбосари лавозими;
• алгебра ва унинг татбиқлари, дифференциал тенгламалар ва унинг татбиқлари, чизиқсиз тизимлар, динамик тизимлар ва уларнинг татбиқларини математик моделлаштириш, стохастик таҳлил, тиббий-биологик информатика, ҳисоблаш математикаси йўналишлари бўйича илмий лабораториялар киритилсин.
• Институт тузилмасида юридик шахс ташкил этмасдан Ёш математиклар ўқув маркази ташкил этилсин, унга қуйидаги вазифаларни амалга ошириш юклансин:
• умумтаълим мактаблари ва лицейларнинг ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари ва докторантлар учун математика бўйича ўқув курслари ташкил этиш;
• Ўзбекистон терма жамоасини халқаро математика олимпиадаларига тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
• иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш жараёнларига ўқитишнинг замонавий усулларини ва педагогик инновацияларни жорий этиш;
• етакчи олимлар ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий олимлар ва мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш.
10. Институтнинг янгиланган тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Илмий кенгаш ва Ёш олимлар кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти билан келишган ҳолда тасдиқланиши маълумот учун қабул қилинсин.
11. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
12. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
• Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
• халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;
• хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;
• қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Институтга фундаментал тадқиқотларнинг илмий-техник лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган бюджет маблағлари ушбу қарор топшириқларидан келиб чиққан ҳолда талаб этиладиган қўшимча бюджет маблағларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ–3365-сон қарорига мувофиқ 2020 йилда Институт биносини (кейинги ўринларда – объект) капитал таъмирлаш, шунингдек, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки ой муддатда:
• объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрласин ва уларнинг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин;
• Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Нодир қўлёзмалар марказининг бино ва иншоотлари бўшатилишини таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг асосланган буюртманомалари асосида 2020 йилги Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда объектни капитал таъмирлаш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ капитал қўйилмаларнинг тегишли лимитларини назарда тутсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги объектда капитал таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишлари бажарилишининг сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:
• бир ой муддатда – белгиланган тартибда Институт уставини тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
• Институтнинг замонавий компьютер ускуналари ва бошқа ташкилий техника билан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига тўлдирилишини таъминласин;
• икки ой муддатда – манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. 2019 йил 24 майда илмий жамоатчилик ва олий таълим муассасалари ректорлари билан ўтказилган учрашувда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) ташкил этилсин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:
• фан ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш, шу жумладан, фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мувофиқлаштириш, фан ва технологиялар соҳасини жадал ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилиши натижадорлигини таъминлаш;
• илмий-техник сиёсат стратегияси, илмий-инновацион инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш ва тасдиқлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
• илмий-техник лойиҳаларнинг давлат мақсадли дастурларини тасдиқлаш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан таъсирчан назоратни таъминлаш;
• ҳар йилги илмий-тадқиқот ишлари дастурларини, шунингдек, илмий-тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан тўғридан-тўғри молиялаштириш ҳисобига амалга ошириладиган илмий-тадқиқот муассасаларининг мақсадли индикаторларини тасдиқлаш;
• фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича миллий лабораториялар тизимини шакллантириш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан тўлдириш ва бутловчи ҳамда сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
• фан ва технологиялар соҳасида мамлакат илм-фанини жаҳон ютуқлари билан уйғунлаштириш, илмий салоҳият ва инновацион ривожланишни рейтинг баҳолашда мамлакат имижини, шу жумладан, илмий ишланмаларни фаол тижоратлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш орқали ошириш;
• илмий-тадқиқот, таълим ва лойиҳа-конструкторлик муассасалари, шунингдек, саноат корхоналари ва тижорат тузилмалари томонидан фойдаланиш мақсадида энг янги илмий-техник ишланмалар тўғрисидаги илғор хорижий тажрибани излаш, умумлаштириш, таҳлил қилишнинг давлат ахборот-таҳлил тизимини яратиш, Ўзбекистонни ривожлантириш учун илмий-техник салоҳиятнинг замонавий ахборот-ресурс базасини шакллантириш;
• муҳим давлат аҳамиятига эга бўлган ҳамда фан ва инновацион ривожланиш соҳасини ислоҳ қилиш давомида юзага келадиган долзарб масалалар ҳамда муаммоларни муҳокама қилиш, шу жумладан, оммавий муҳокама қилиш;
• фан ва техника соҳасида Давлат мукофотини бериш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ҳамда таклифлар тайёрлаш.
20. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
• Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашининг шахсий таркибини ва Кенгаш тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;
• Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон қарори билан ташкил этилган Илмий-техник ахборот марказини юқори малакали кадрлар билан бутлаш ва унинг фаолиятини фаоллаштириш юзасидан таклифларни киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев зиммасига юклансин.
Қарорнинг ижроси Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши мажлисларида 2019 йил сентябрь ва декабрь ойларида ҳамда 2020 йил апрель ойида кўриб чиқилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь