Шавкат Мирзиёевга Грузиянинг олий давлат мукофоти берилди
Жамият
−
02 июл 2834 2 дақиқа
Бугун, 2 июль куни Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Грузия кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун давлат раҳбарига ушбу мукофотни Грузия Президенти Михаил Кавелашвили топширган.

Ўзбекистон етакчиси Грузия Президенти Михаил Кавелашвили, Бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳамда Парламент раиси Шалва Папуашвилига юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, дўст Грузия халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Маълумот учун, 1998 йилда таъсис этилган “Олтин мўйна” ордени мамлакатнинг олий давлат мукофотларидан бири бўлиб, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда грузин маданияти, илм-фани ва санъатини тарғиб этиш борасидаги алоҳида хизматлар учун берилади.

Орденнинг номи Олтин мўйна ҳақидаги қадимги юнон афсонаси ҳамда ҳозирги Грузия ҳудудида жойлашган тарихий ўлка – Колхида билан боғлиқ.

Турли йилларда мазкур юксак мукофот билан Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Иордания подшоҳи Абдулла II, Германия канцлери Герхард Шрёдер, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Президенти Ҳайдар Алиев ва бошқалар тақдирланган.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Орбелиани саройининг Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилиси шаҳрида Грузия Президентининг қароргоҳи – Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтди.
Live
Барчаси