Шавкат Мирзиёевга ФАОнинг олий мукофоти топширилди

Жамият

−

image

Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ФАО раҳбари Бутунжаҳон пахта кунига бағишланган халқаро конференция ҳамда денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг аграр ва озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга бағишланган иккинчи форумда иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Ўзбекистон билан БМТнинг мазкур нуфузли тузилмаси ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Сўнгги йилларда амалий ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар мамнуният билан қайд этилган. Янги беш йиллик дастур қабул қилинган. Айни пайтда 27 та қўшма лойиҳа фаол босқичга кирган.

Ўзбекистон илк бор 2028 йилдан 2029 йилгача бўлган давр учун ФАО Кенгаши таркибига сайланган. Эртага Тошкентда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун Агроинновациялар хаби ишга туширилади.

Учрашув давомида янги ҳамкорлик дастурини самарали амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, иқлим молияси маблағларини жалб қилиш, тажриба алмашиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш каби йўналишларда истиқболли қўшма лойиҳалар портфелини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган.

Самимий мулоқот якунида Цюй Дунъюй Ўзбекистон Республикаси Президентининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш соҳаларидаги ташаббуслари ва эришган ютуқларининг юксак эътирофи сифатида давлат раҳбарига ФАОнинг олий мукофоти – “Agricola” медалини топширган.

БМТнинг ФАО ташкилоти томонидан 1977 йилда таъсис этилган “Agricola” медали очликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби умуминсоний мақсадларга эришиш йўлида фидойилик кўрсатган ҳамда амалий чораларни амалга оширган атоқли арбобларга берилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг