Шавкат Мирзиёев Японияга боради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан 18-20 декабрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Токио шаҳрида Япония Императори Нарухито, Бош вазир Санаэ Такаичи, парламент раҳбарияти, ҳукумат аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари ва етакчи университетлар ректорлари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

Кун тартибидан Ўзбекистон – Япония стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ҳамда ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Ишбилармонлик дастури доирасида Япониянинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари иштирокидаги учрашувлар ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини илгари суриш масалалари атрофлича муҳокама қилинади. Икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммитида иштирок этади. Тадбир доирасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.

Саммит якунлари бўйича Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.

Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19-20 декабрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида Марказий Осиё – Япония саммити ўтказилиши хабар қилинганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса 18-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташриф билан боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Япония Санаэ Такаичи Марказий Осиё – Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг