Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги ҳарбий қисмга борди
Жамият
−
26 Февраль 3498 2 дақиқа
Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий қисмда ҳам бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакат мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қўшинларнинг жанговар салоҳияти ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада юксалтиришда муҳим омилга айланмоқда.

Мазкур қисмда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув бинолари, ошхона, ётоқхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт шаҳарчаси энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Олий Бош Қўмондон томонидан қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда, миллий армия замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланмоқда.

Давлат раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирган.

Миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизликка мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланган.

Қуролли Кучларнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлигини юксалтириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини изчил давом эттириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга вилоятига ташрифи чоғида умумий қиймати 7,1 млрд доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга туширганди. Шунингдек, Президент Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига ташриф буюриб, сумалак сайлида иштирок этди.
Live
Барчаси