Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди
Жамият
−
11 Декабрь 1906 2 дақиқа
Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон раҳбари Туркманистон Президенти ва қардош халқини мамлакат бетарафлиги эълон қилинганининг 30 йиллиги, ушбу муҳим санага бағишланган халқаро форум юқори савияда ташкил этилгани ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилингани билан самимий табриклаган.
Туркманистон Президентининг яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
“Йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб бир миллиард долларга етди. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Юк ташиш ҳажми 30 фоизга ошди, жумладан, Туркманбоши порти орқали етказиб бериш фаоллашди. Фаол гуманитар ва ҳудудлараро алмашинувлар давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши ва Ҳудудлар форумининг бўлажак йиғилишларида савдо ҳажмини каррасига ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни самарали илгари суриш бўйича таъсирчан чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланган.
Маълумот учун, эртага, 12 декабрь куни Ўзбекистон раҳбари Туркманистоннинг доимий бетарафлиги эълон қилинганининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этади. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрига боргани ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь