Шавкат Мирзиёев сенаторнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоат арбоби Мир-Акбар Ҳожиакбарович Раҳмонқулов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди. 

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Мир-Акбар Ҳожиакбарович Раҳмонқулов кеча, 11 февраль куни 74 ёшида вафот этди. 

Мир-Акбар Раҳмонқулов 1952 йил 5 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1975 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаб, Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги иқтисодиёт илмий-текшириш институтида кичик илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Олий Совети Президиумида турли лавозимларда хизмат қилган.

1992 – 1994 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи проректори вазифасида ишлаб, ташқи сиёсат соҳасида замонавий билимга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига катта ҳисса қўшган.

Мир-Акбар Раҳмонқулов 1995 – 1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори ўринбосари лавозимларида фаолият юритиб, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим стратегик тадқиқотларга раҳбарлик қилган. 

Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига оид давлат дастурлари, концептуал ҳужжатлар ва қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган.

Айни вақтда салоҳиятли олим сифатида минтақавий хавфсизлик масалалари, хорижий давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган қатор монография ва илмий-услубий қўлланмалар яратган.

Тажрибали сиёсатчи, фаол ва ташаббускор давлат хизматчиси сифатида Раҳмонқулов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик Кенгашининг котиби вазифаларида хизмат қилган. 2022 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида масъул вазифаларда ишлаб, ўзининг бой тажрибаси, чуқур билим ва салоҳияти, фидойилик ва ватанпарварлик фазилатларини намоён этган.

Сўнгги йилларда у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтига раҳбарлик қилиш билан бирга, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган.

Мир-Акбар Раҳмонқуловнинг давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ва II даражали “Шон-шараф” орденлари билан мукофотланган. 

“Таниқли давлат ва жамоат арбоби, йирик ҳуқуқшунос олим, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Мир-Акбар Раҳмонқуловнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади”, дейилади таъзия хатида.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳамдардлик сенатор Мир-Акбар Раҳмонқулов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг