Шавкат Мирзиёев МДҲга раисликнинг устувор йўналишларини айтди

Жамият

−

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги даврида устувор аҳамиятга эга бўладиган йўналишларни баён қилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бугун, 9 октябрь куни кенгайтирилган таркибда ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити мажлисида сўз очди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити мажлиснинг фахрий меҳмони – Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этган.

Ўзбекистон раҳбари раислик тўғрисидаги қарор қўллаб-қувватлангани ва умумий ишга ҳисса қўшиш, янги ғояларни таклиф этиш ва бугунги кунда Ҳамдўстлик мамлакатлари учун чиндан ҳам муҳим бўлган йўналишларни биргаликда ривожлантириш имконияти учун барча ҳамкасбларига миннатдорлик билдирган. 

“Биз келгуси йили аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларни эътибор марказига қўйиш ниятидамиз. Булар – иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришдир”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.

Ушбу ёндашув Ўзбекистоннинг раислиги учун белгиланган “МДҲ – ишонч ва умумий тараққиёт макони” деган шиорда ўз ифодасини топган.

Айни пайтда Раислик концепцияси ва тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ишлари якунланмоқда. Уларда юздан ортиқ аниқ тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон раислиги давридаги устувор йўналишлар ва амалий ҳамкорлик механизмлари тақдим этилган.

Ҳамдўстлик доирасидаги сиёсий мулоқотга алоҳида эътибор қаратилади.

“Бугун, дунёда вазият тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-биримизни тинглаш ҳамда барчамизга мақбул бўлган ечимларни излаш имкониятини сақлаб қолиш ўта муҳимдир”, дейди давлат раҳбари.

МДҲ мамлакатлари салмоқли ишлаб чиқариш салоҳияти, ресурслар, технологиялар ва бозорларга эга эканини инобатга олиб, иқтисодиёт соҳасида асосий эътиборни саноат кооперациясига қаратиш таклиф этилган.

“Агар бу салоҳиятимизни бирлаштирсак, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратсак ва барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйсак, барча иштирокчилар учун натижа янада сезиларли бўлади”, дейди Президент.

Бу борада мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиққа халақит бериб келаётган тўсиқларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.

Рақамли технологиялар билан боғлиқ йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунда фақат ҳозирнинг ўзида ҳам яхши ривожланган соҳалар билан чекланиб қолмаслик муҳимлиги таъкидланган.

“Олдинга қадам ташлаш ва яқин йилларда мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш билан боғлиқ бўладиган соҳаларда биргаликда ишлаш зарур. Бу ўринда сўз муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологиялари соҳалари ҳақида бормоқда. Айнан шу соҳалар бугунги кунда ўз компетенцияларимиз ҳамда қўшма лойиҳаларни яратган ҳолда, ортда қолиб кетмаслигимиз муҳим бўлган йўналишлардир”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Раисликнинг яна бир устувор йўналиши сифатида транспорт соҳаси белгиланган. Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб бораётгани таъкидланган.

“Биз ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз керак. Бунинг учун транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда қулай, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган йўналишларни яратиш муҳимдир”, дейди давлат раҳбари.

Ўзбекистон раислиги даврида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳам ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолади.

“Биз МДҲнинг соҳавий органлари ишини ва мамлакатларимизнинг умумий таҳдидларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу ўринда сўз терроризм, экстремизм ва кибержиноятчилик ҳақида бормоқда. Бу таҳдидларнинг барчаси аллақачон алоҳида давлатлар чегарасидан чиқиб кетган”, дейди давлат раҳбари.

Бугунги кунда оддий фуқаролар, бизнес вакиллари, банклар, давлат тизимларига бевосита дахл қилиб, тез кучайиб бораётган кибержиноятчиликка қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилади.

Энг устувор йўналиш сифатида инсонлар ўртасидаги алоқалар кўрсатиб ўтилган. Айнан мана шу ришталар кўп жиҳатдан давлатлараро муносабатларнинг барқарорлигини белгилайди.

Талабалар, ёш мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар ва ижодий касб эгаларининг ўзаро мулоқот қилиш, бир-биридан ўрганиши ҳамда биргаликда ишлаши учун мавжуд имкониятларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

“Бутун фаолиятимиз марказида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаат ва имкониятларини рўёбга чиқариш туриши керак. Фақат ана шундагина МДҲ таълим олиш, меҳнат қилиш, янги лойиҳалар яратиш, шериклар топиш ва ўз келажагини қуриш мумкин бўлган макон сифатида қабул қилинади”, дея алоҳида таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Якунда Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги даврида ўз самарадорлигини исботлаган барча ютуқларни сақлаб қолиш ва шу билан бирга, бугунги кунда янги ечимлар топиш зарур бўлаётган йўналишлар ривожига қўшимча суръат бағишлаш қатъий мақсад қилингани таъкидланган.

Ўзбекистон Президенти Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга самимий меҳмондўстлик ва саммитни юксак савияда ташкил этгани учун чин дилдан миннатдорлик билдирган.

Саммит якунлари бўйича МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига оид битим ва қарорлар тўплами имзоланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг