Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди
Жамият
−
05 Декабрь 2025 2036 3 дақиқа
Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лонг Юйсянни қабул қилди ва мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Марказ Ўзбекистоннинг Хитой билан кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётгани қайд этилган.
Биргаликда инфратузилмани ривожлантириш, инвестициялар ва “яшил” саноатда қатор лойиҳалар амалга оширилган. Геология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган. 1984 йилда ташкил этилган марказ дунёнинг 160 дан ортиқ мамлакати билан маданий, илмий ва маърифий алоқалар ўрнатган. Учта халқаро ваколатхонаси мавжуд.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказган. Музокаралар давомида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика соҳасида замонавий технологиялар ва муҳандислик ечимларини жорий этишга қаратилган ўзаро манфаатли кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинган.

Хитой компанияларининг Ўзбекистонда лойиҳалар амалга оширишга қизиқиши ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Биргина жорий йилда Хитойдан 15 миллиард доллардан зиёд тўғридан тўғри инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели эса қарийб 90 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида энергетика соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Хитойлик шериклар иштирокида умумий қуввати қарийб 10 гигаватт, қиймати 9 миллиард доллардан ортиқ 30 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугун қўшимча равишда қарийб 2 миллиард долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилган.
China Datang компанияси президенти Джоу Юанлонг билан мавжуд фотоэлектр станцияларини кенгайтириш, янгиларини қуриш ва қўшимча сақлаш қувватларини барпо этиш режалари муҳокама қилинган. Компаниянинг кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот лабораториясини очиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда қайта тикланадиган энергия технологияларини жорий этиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланган.
China Energy Engineering Corporation компанияси раҳбари Сью Лю билан суҳбатда Ўзбекистон ҳудудларида қуёш электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланган. Муқобил энергетика ва юқори кучланишли тармоқларни ривожлантириш лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.
Sinoma Energy компанияси раиси Мэн Циньлин шамол электр станцияси ҳамда шамол турбиналари учун парракларни маҳаллийлаштириш учун завод қурилишининг бориши ҳақида ахборот берган. Шунингдек, кимё ва қурилиш саноатида чиқиндиларни тозалаш бўйича компания таклиф этаётган технологик ечимлар юзасидан фикр алмашилган. Ушбу лойиҳаларга доир ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланган.
Universal Energy компанияси бош директори Нан Йи билан Ўзбекистон ҳудудларида шамол электр станциялари қурилишини жадаллаштириш чоралари муҳокама қилинган.
China General Technology компанияси директорлар кенгаши раиси Кан Хубяо билан янги ишга туширилган когенератсия станциясини самарали ишлатиш муҳокама қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини кенгайтириш бўйича келишувга эришилган.
Ўзбекистон раҳбари Poly Changda Engineering компанияси бош директори Мяо Цзечуннинг келгуси йилда бугун ишга туширилган қуёш электр станциясининг мантиқий давоми сифатида энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича режаларини қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, шунингдек, Туркия Республикаси Энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор ва Қирғиз Республикаси Энергетика вазири Таалайбек Ибраев бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025