Шавкат Мирзиёев Қатарнинг собиқ амири таъзиясида иштирок этади
Жамият
−
12:26 2692 2 дақиқа
Эртага, 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатарга ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот берди.
Қайд этишича, яқин вақтлар ичида Президент Шавкат Мирзиёев Қатар Давлатининг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш мақсадида Доҳа шаҳрига ташриф буюриши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 июль куни Қатарни 18 йил давомида бошқарган собиқ амир Ҳамад бин Халифа Ол Соний 74 ёшида вафот этди.
Кечанинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга унинг отаси – Қатар Давлатининг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний вафот этгани муносабати билан таъзия мактубини йўллади.
“Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги дўстона алоқалар ва ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга муносиб улуш қўшган Шайх Ҳамад Ол Соний Аъло Ҳазратларининг ёрқин хотираси ва ўчмас номи қалбларимизда абадий сақланиб қолади”, дейилади мактубда.
Маълумот учун, Ҳамад бин Халифа Ол Соний 1952 йилда туғилган. У Қатарнинг еттинчи амири ва Ал Соний сулоласининг учинчи вакили эди. У оиланинг бошқа аъзолари кўмаги билан 1995 йил 27 июнда, отаси — амир Халифа бин Ҳамад Ал Соний Швейцарияда хизмат сафарида бўлган пайтда давлат раҳбари лавозимини эгаллаган. Кейинчалик отаси Францияда яшаб, фақат 2004 йилдагина ватанига қайтган.
Амир Ҳамаднинг бошқарув даври Қатардаги ислоҳотлар ва модернизация билан боғлиқ. 2004 йил 8 июнда Қатарнинг биринчи доимий конституцияси қабул қилинди ва у 2005 йил 9 июнда кучга кирди. Ол Соний Қатарни 18 йил бошқарди ва 2013 йилда тахтдан воз кечиб, ўрнини ҳозирга қадар мамлакатни бошқариб келаётган ўғлига бўшатиб берди.
Live
Барчаси