Шавкат Мирзиёев ИҲТда савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди

Жамият

image

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар эса кутилган самарани бермаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 ноябрь куни бўлиб ўтаётган ИҲТнинг 16-саммитидаги нутқида сўз очди. 

Президент Мирзиёев ИҲТнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлади.

Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида Ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келгани таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбари ушбу муҳим ҳужжатда эътибор қаратиш лозим бўлган асосий йўналишларни кўрсатиб ўтди.

“Биринчидан, ўзаро савдони рағбатлантириш. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу Ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан Президент Ўзбекистон экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди. Унда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг