Шавкат Мирзиёев эртага сафарга чиқади
Жамият
−
15 Январь 2023
21501Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг таклифига биноан 16-18 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат Бош вазири Ли Сянь Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Сингапур муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу йўналишларга доир икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами музокаралар якунида имзолаш учун тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, Президент Мирзиёев Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Ташриф арафасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес форуми бўлиб ўтади.