Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон – Албания кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги босқич бошланганининг рамзи бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай расмий делегациялар иштирокида музокара бўлиб ўтганди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон ва Албания муносабатлари тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу саммит алоҳида аҳамиятга эга эканини, унинг икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини қайд этган.