Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Жозеф Байденга мактуб йўллади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байденга мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев мактуб орқали Президент Жо Байденга Қобул аэропортидаги терактда АҚШ ҳарбий хизматчиларининг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

“Унда давлатимиз раҳбари Афғонистоннинг Кобул шаҳри халқаро аэропорти ҳудудида содир этилган террорчилик ҳужуми оқибатида АҚШ ҳарбий хизматчилари қурбон бўлгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор қилиб, вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 август куни Афғонистон пойтахти Қобул шаҳри аэропортида кетма-кет учта портлаш юз берди. Террорчилик ҳаракати, дея баҳоланган ушбу фалокат оқибатида 150 дан ортиқ одам жароҳатланган, 100 дан зиёди ҳалок бўлган. Уларнинг орасида АҚШнинг 13 нафар ҳарбий хизматчиси ҳам бор эди. Қурбонлар сони ортмоқда. 

Шу ўринда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқиб, Қобулда юз берган террористик хуружларни қатъиян қоралаган. Бундан ташқари, расмий Тошкент Афғонистондаги кучларни тинчликка чақирган.

Қайд этиш керакки, Пентагон ушбу терактда ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими “Вилоят Хуросон” гуруҳини айблаган. Ўз навбатида, АҚШ Президенти портлаш ортида турган гуруҳларга куч билан жавоб қайтаришга ваъда берган.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг