Қобул аэропортидаги портлаш кимнинг иши эди?
Олам
−
26 Август 2021
17236Аввалроқ, Афғонистон пойтахти Қобул аэропортида портлаш юз бергани ҳақида хабар бергандик.
Бир қатор Ғарб нашрларининг Британия хавфсизлик кучларига таяниб хабар беришича, портлаш ортида ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими “Вилоят Хуросон” гуруҳи жангарилари турибди.
Маълум бўлишича, Қобулда орқама-кетин иккита портлаш юз берган. “Reuters” нашрига кўра, ҳодиса оқибатида 40 киши ҳалок бўлган, яна 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Қайд этиш керакки, “Толибон” Қобул аэропортига ИШИД ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида НАТОга маълумот юборган эди.
Ҳаракат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид таҳдид “кичик ва ноаниқ” эканлигини айтганди. Лекин, у толибларнинг номини қорага чиқаришга уриниш билан боғлиқ фитна уюштирилиши ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 август куни Қобул аэропортини тарк этаётган Италиянинг ҳарбий самолёти ўққа тутилди. Ҳарбий ҳаво транспорти эвакуация жараёнларида қатнашаётган ва бортида 98 фуқаро ҳамда журналистларни Афғонистондан олиб кетаётган бўлган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди. Бироқ, улар айни вақтда уй қамоғига олинган.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси